Бошқарма ҳақида
Ўзбек халқининг буюк мутафаккири, сўз ва ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратларининг номига қўйилган гўзал ва навқирон Навоий вилояти Биринчи Президентимиз И.А.Каримов ташаббуси билан мустақилликнинг илк даврида, яъни 1992 йилнинг бошида қайта ташкил этилди.
Бугунги кунда вилоятда 864,2 мингдан ортиқ доимий аҳоли яшайди. Навоий вилояти таркибида 8 та туман мавжуд бўлиб, улар - Хатирчи, Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Учқудуқ, Томди туманлари ҳисобланади. Бундан ташқари, вилоятда 2 та йирик шаҳар – Навоий ва Зарафшон шаҳри, 38 та шаҳарча, 54 та қишлоқ фуқаролар йиғинлари, 315 та маҳаллалар мавжуд.
Навоий вилояти мамлакатимизда ҳудудий жиҳатдан энг катта вилоят бўлиб, Қорақалпоғистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Унинг умумий ҳудуди 110,99 минг кв.кмни ташкил этади. Вилоятимиз ўзига хос табиий шароитига кўра, йирик уч қисмга бўлинади: вилоятнинг шимолий-ғарбий қисмини бағрида фойдали қазилма бойликларини яшириб ётган Қизилқум чўли эгаллаган. Жанубий-шарқий қисмида Нурота тоғ тизмалариги тегишли Қоратоғ, Оқтоғ сингари тоғлар бўй чўзган бўлса, Зарафшон дарёси воҳасининг ўрта қисмида вилоятнинг деҳқончилик зонаси ўрнашган. Вилоят шимолдан ва шимоли-шарқдан Қозоғистон Республикаси сарҳадлари билан, жануби-шарқдан мамлакатимизнинг Жиззах, Самарқанд, жанубдан Қашқадарё, жануби-ғарбдан эса Бухоро вилоятлари билан чегарадошдир.
Ўзбекистоннинг фахру ифтихори ҳисобланган ушбу масканда тинчлик ва осойишталикни сақлашга масъул бўлган ички ишлар ходимлари ҳудудда барқарорликни таъминлаш, қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботини мустахкамлаш, шунингдек, давлатимиз бойликларини турли хил жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш йўлида самарали фаолият кўрсатишяпти. Бошқарма ходимлари саксондан ортиқ миллат вакиллари тинч-тотув яшаб келаётган вилоятимизда ўзаро аҳилликка эришиш, фуқаро тотувлиги ва турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ҳамда ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш борасида ҳар бир миллат вакилларининг миллий урф-одатларини, байрам ва тадбирларининг тинч-тотув ўтишини таъминлаш билан бир қаторда, аҳоли ўртасида турли учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиб, ўзаро алоқани мустаҳкамлашга эришилмоқда.
Бугунги кунда ҳар томонлама пухта тайёргарликка эга, ихчам, тезкор, замонавий қурол-яроқ ва техника билан таъминланган, жаҳондаги энг илғор тажрибаларни ўзида мужассам этган ходимлар вилоятимизда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши кураш борасида тунни тонгларга улаб хизмат қилиб келишмоқда.
Аслида, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳам Навоий вилояти қайта ташкил этилган йили, яъни 1992 йил 28 февралда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, Навоий шаҳри, "Навоий" кўчаси, 7 уйда, яъни ҳозирги бошқарма марказий аппарати биносида (ўша даврда Навоий шаҳар ИИБ, “Қўриқлаш” бўлими, техник қўриқлаш пункти, ҲООБ, ППХ ва ЖТСБ, ХЧК ва ФРБ, ШТБИ хизмати билан бирга) жойлашган эди.
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасининг ўтган давр раҳбарлари:
Навоий вилояти ташкил топган даврда, 1982 йилдан 1985 йилга қадар полковник Хайитов Тўра Хайитович раҳбарлик қилган. Полковник Хайитов Тўра Хайитович 1934 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманида тўғилган. Ички ишлар идораларида 1951 йилдан хизматга қабул қилинган.
1985 йилдан 1988 йилга қадар полковник Тришкин Алексей Андреевич раҳбарлик қилган.
У 1937 йил Россиянинг Омск шаҳрида туғилган, 1955 йилда Ички ишлар идораларининг турли лавозимларида ишлаган. 1989-1990-йилларда Транспорт ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаган.
1992-1994 йилларда генерал-майор Каримов Райим Каримович раҳбарлик қилган. У 1949 йилда Қашқадарё вилояти Узун туманида тўғилган, Ички ишлар идораларига 1971 йилда қабул қилинган.
1994-1997 йилларда полковник Оқмирзаев Дилмурод Сайдуллаевич раҳбарлик қилган. У 1956 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ички ишлар идораларига 1977 йилда қабул қилинган.
1997-1998 йилларда полковник Сирожжиддинов Абдулхамид раҳбарлик қилган. У 1956 йилда Андижон вилоятида туғилган. Ички ишлар идораларига 1977 йилда қабул қилинган.
1998-2009 йилларда полковник Назиров Алишер Гафурович раҳбарлик қилган. У 1952 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ички ишлар идораларига 1981 йил қабул қилинган.
2009 йил апрель ойидан 2017 йил январь ойигача полковник Турсунов Рустам Рахмонович раҳбарлик қилган.
2017-2018 йилларда полковник Ташпулатов Турсунпулат Турсунйўлдашович раҳбарлик қилган.
2018 йил апрель ойидан ҳозирги кунга қадар полковник Турсунов Рустам Рахмонович Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасига раҳбарлик қилиб келмоқда.