14 Июн 2022 йил 468

ЙПХ ходимига пора таклиф қилган ҳайдовчи ШХББ ходимлари томонидан қўлга олинди

Жорий йилнинг 9-июн куни  Зарафшон шаҳар ҳудудидан ўтган А-379 автомагистрал йўлида ЙПХ инспектори сафдор Шерқул Боқиев одатдаги каби назорат тадбирларини олиб бораётган эди.  Шу мақсадда “Ютонг” русумли автобус тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчи автомобил бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни тақдим этолмади. Боз устига ундан спиртли ичимлик ҳиди анқиб тургани сабаб эксперт текшируви амалга оширилди. Тасдиғини топган текширув ҳамда расмийлаштирилган баённома асосида автобус жарима майдонига жўнатилди.  Пайтавасига қурт тушган автобус ҳайдовчиси машинасини жарима майдонидан олиб чиқиш чораларини излади ва  ЙПХ ходимига телефон орқали алоқага чиқиб муаммосини ижобий ҳал этиши эвазига 300 АҚШ доллари ваъда қилди. Сафдор Шерқул Боқиев ҳайдовчига бир неча марта мазкур ҳаракатлари жиноий жавобгарликка олиб келишини айтсада, пора таклиф қилишда давом этди. 

 ИИВ ШХББ Навоий вилояти бўйича бўлими ҳамда Зарафшон шаҳар прокуратура ходимлари  билан ҳамкорликда ташкил этилган тезкор тадбир давомида ҳайдовчи сафдор Ш.Боқиевга 4 миллион сўм пулларни бераётган ҳайдовчи  далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Айни пайтда гумонланувчига нисбатан Зарфшон шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 211-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech