26 Апрел 2023 йил 350

Навоийда "Намунали оила" кўрик танлови ўтказилди

  Оила муқаддас даргоҳ. Унинг турмуш деб аталмиш пасти баландини сабр сабот ила забт этиб -бошқаларга ибрат намунаси бўлиш эса унданда аъло. Дарҳақиқат, оила -  ғубор тегмаган энг нафис туйғулар ошёни. Бахтиёр ва осуда оилада истиқомат қилиш инсонга чинаккам бахт ва ҳузур бағишлайди. Вилоятимиз тичлиги ва осойишталигини сақлашдек шарафли ва масъулиятли вазифани зиммасига олган ички ишлар ходимлари орасида ҳам шундай оилалар талайгина. “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Навоий вилояти ИИБда “Намунали оила” кўрик-танлови ўтказилди. Мазкур кўрик-танловда вилоят ИИБнинг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмаларидан жами 8 та оила иштирок этди. Кўрик-танлов шартларини бажариш давомида иштирокчилар ва уларнинг оила аъзолари ўз истеъдод ва қобилиятларни намойиш этдилар.  Айниқса тадбирда ИИВ Маданият саройи ансамблининг Сўз усталари ҳамда хушовоз хонандаларнинг чиқишари тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашди. Қизғин баҳс ва мунозаралардан сўнг, 3-ўринни  Конимех тумани ИИБ МваФРГ катта мутахассиси майор Рустам Холиков, 2-ўрин Қизилтепа тумани ИИБ 1-сон ИИБ ҲПГ профилактика катта инспектори майор Вахоб Шерматов, ниҳоят 1-ўринни Навоий вилояти  ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХБ мухандис ходими катта сержант Фаррух Элмуродов оиласи муносиб деб топилди ва мазкур танловнинг республика босқичига  йўлланмани қўлга киритди. Шунингдек, танловда иштирок этган оилалар, турли номинациялар бўйича ташаккурнома ва бошқарманинг эсдалик совғалари билан билан бир қаторда даражали диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Мазкур танлов ходимлар ва уларнинг оила аъзолари истеъдодларини юзага чиқариш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, вилоят ИИБ тизимида хизмат қилаётган ходимлар ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлди, десак, муболаға бўлмайди.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

Text to speech