16 Апрел 2021 йил 378

Навоийда “уддабурон” фирибгар қўлга олинди

  Ўзбек халқида шундай муносабатлар борки, кимгадир ишониш учун қонуний шарт қўймайди, одамийлик борасида виждон амрини бажаради. Афсуски орамизда нафси йўлида ишончни суистеъмол қиладиганларнинг борлиги  дилни хира қилади.

1992 йилда туғилган Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи “Акфа пласт” МЧЖ ишчиси Н.Л, “Яхши ният” МЧЖга қарашли тикувхонани бошқариб келаётган Х.Гнинг олдига гўёки маслаҳат солиш мақсадида келади. Турмуш ўртоғи учун тикувчилик цехи очиб бериш, тикув техникаларини олиш учун эса 40 млн. сўмлик имтиёзли кредит олаётганини айтади. Суҳбат давомида унинг ишончига кириб, ҳисоб рақамига пул ўтказиб бериш эвазига, Г.Хдан “Рашма” русумдаги жами 8 дона тўғри чок тикув машиналари ва ускуналарини олиб кетади. Мақсадини амалга оширганидан боши осмонга етган Н.Л тикув машиналари учун кредит ҳужжатларини расмийлаштирмасдан туриб пуллаш пайига тушади ва сотувдан тушган пулларни ҳеч иккиланмасдан эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Бу ҳам етмагандай хатирчилик Я.Н исмли аёл билан танишиб ишончини суистеъмол қилиб, қайтариб бериш шарти билан 2 млн.сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. Уддабурон фирибгар мақомини олган Н.Лнинг жиноий ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2,3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли юртдошлар! Моддий бойликларингизни ўзингиз танимаган, билмаган шахсга ишониб топширманг. Савдо муносабатларини қонуний йўл билан амалга оширинг.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

 

Text to speech