ИИБ бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Навоий шаҳар 3-сектор штабида бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 16-август куни Навоий вилояти ИИБ бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Навоий шаҳрида 3-сектор штабида бўлиб ўтди. Унда идора-ташкилот раҳбарлари, шаҳар маҳаллаларида яшовчи фуқаролар ҳамда ёшлар иштирок этдилар.
Қабулда фуқароларнинг уй-жой, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик қилиш учун ер ажратиш ва бошқа масалалар бўйича мурожаатлари тингланди. Назира Шахриддинова бир йил аввал қуёнчилик билан шуғулланиш ниятида кредит олганлиги, маълум сабабларга кўра вақтида тўлай олмаётганини, муддатини узайтириш ва тўлашда имтиёз сўраб муражаат қилди. Унинг муаммоси шу куннинг ўзидаёқ банк ташкилоти билан ижобий ечим топди. Азимова Сайёра эса кредит орқали музқаймоқ тайёрлаш учун мўлжалланган технология сотиб олишда амалий ёрдам сўради. Унга ҳам тегишли хужжатларни тақдим этиши билан кредит ажратилиши мумкинлиги айтилди. Ёшлик маҳалласида истиқомат қилувчи Тешаева Гулшан янги уйларга тўлов қилиб фирибгарга учраб қолганини, бунга қонуний чора кўришини сўраб қилган мурожаати кўриб чиқилди. Шундай қилиб ҳар бир мурожаатни белгиланган тартибда ўрганиб, қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати