Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган “Навоий шаҳрида ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида тортишув акс этган..." видеолавҳа юзасидан расмий МУНОСАБАТ
2020 йилнинг 5 сентябрь куни соат 10:15да белгиланган тақсимот асосида Навоий шаҳридаги "Ғалаба шоҳ" ҳамда "С.Айний" кўчалари кесишган чорраҳада Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори кичик сержант Ғ.Каримов хизмат олиб бориш жараёнида "Эпика" русумли 30L595RA давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси Х.Эрниязов хавфсизлик камарини тақмаган ҳолда, уяли алоқа воситаси орқали гаплашиб, транспорт воситасини бошқариб келаётганлиги сабаб тўхтатилади. Тегишли ҳужжатларни тақдим этиши сўралганида ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этмасдан, воқеа жойидан қочиб кетишга уринганлиги боис, ходим автомашина эшигини очиб, ундан ҳужжатларини тақдим этишини талаб қилишга мажбур бўлади.
Шунингдек, ЙПХ инспектори томонидан ҳайдовчига нисбатан хавфсизлик камарини тақмаганлиги ҳамда уяли алоқа воситасида гаплашган ҳолда ҳаракатланиб келганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилади. Мазкур транспорт воситаси техник кўрикдан ўтганлиги юзасидан ҳужжатларни тақдим эта олмаганлиги сабабли автомашинанинг давлат рақам белгилари қонуний тартибда ечиб олинади.
Амалдаги "Йўл ҳаракати қоидалари"нинг II-боби "Ҳайдовчининг умумий мажбуриятлари" деб номланиб, унга кўра "Механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси тегишли ҳужжатларни ёнида олиб юриши ва ИИО ходимлари талаб қилганда текшириш учун тақдим этиши шарт"лиги аниқ кўрсатиб ўтилган.
Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ