Катта тезликда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи таъқиқланган йўлдан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди
1960 йил Қизилтепа туманида туғилган фуқаро Д.Т. Кармана тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга М-37 автомобиль йўлида “Матиз” русумли автомашинасини катта тезликда бошқариб келган. Шошқалоқ ҳайдовчи автомашиналар орасида ҳам оралиқ масофани сақламасдан ҳаракатланган. Натижада, транспорт воситалари серқатнов йўлда пиёдалар ўтиши учун мўлжалланмаган жойдан кесиб ўтаётган 1995 йилда туғилган қизилтепалик фуқаро У.С.ни уриб юборади. Пиёда У.С. "оғир қўшма шикастланиш, оғир бош мия шикастланиши, бош мия лат ейиши оғир даражаси, пешона суяги ёпиқ чизиқли синиши ҳамда бош асосига ўтиши" каби ташҳислар билан Кармана тумани тиббиёт бўлимига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчи Д.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати