"Меҳр-саховат" кўкрак нишони – юксак эътироф намунаси
Коронавирус пандемиясига қарши курашишда бир гуруҳ ватандошларимизнинг алоҳида хизматлари эътирофга муносиб бўлмоқдаки, уларнинг саъй-ҳаракатлари сабаб, касаллик хавфи кескин камайишига эришилмоқда. Айниқса, бунда касб машаққатини ҳаётининг мазмуни деб билган саломатлик посбонлари ҳамда Ватан ҳимоячиларининг беминнат хизматларини таъкидлаш ўринлидир. Шукрки, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ҳеч бир меҳнат эътибордан четда қолаётгани йўқ. Хусусан, хавфли инфекцияга қарши курашишда ўз ҳаётини юқори таҳлика остида қолдириб, халқ саломатлигини асрашни ўз хизмат вазифаси ва масъулиятли бурчи деб билган бир гуруҳ ИИО ходимларининг жасорати муносиб баҳоланиб, уларга Президентимизнинг Фармонига асосан “Меҳр-саховат” кўкрак нишонининг топширилиши, сўзимизнинг амалий исботидир.
Республикамиз бўйлаб давом этаётган мазкур тантанали маросим шукуҳи Навоий вилояти ИИБда ҳам ташкил этилди. Бошқарма бошлиғи, полковник Рустам Турсунов иштирокида ўтказилган тадбирда садоқат ва жасорат намунасини ўзининг амалий иш фаолиятида кўрсата олган 52 нафар соҳа ходимлари муносиб тақдирландилар. Улар орасидан вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ходими, катта лейтенант Отабек Рахимов ҳам ўрин олган.
– Ёш ходим бўлишимга қарамасдан, 9 йиллик камтарона хизматларим юксак баҳоланиб, эътироф намунаси сифатида кўкрак нишони билан тақдирланишим қалбимни ғурур ва ифтихорга тўлдирди, – дейди қаҳрамонимиз. – Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли касбнинг эгаси бўлишнинг ўзи ҳам мукофот, аслида. Мен ўйлайманки, соҳа вакиллари ватанпарварлик ҳиссини ҳар нафасда ҳис этиши – улуғ бахт. Куч-ғайратим ва сўнмас шижоатим билан ваъда бериб айта оламанки, юртимизни кўз қорачиғидек асраш мен учун улкан саодатдир.
Тақдирланган барча ходимларнинг кўзлари қувончдан масрур, диллари ҳаяжонга лиммо-лим. Таъкидлаш ўринлики, Ватан ҳимоясини ўзининг ори деб билган, халқ тинчлиги ва фаровон ҳаёти учун туну-кун хизматга бел боғлаган жонкуяр ходимларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатлари бунданда улуғ мукофотларга муносиб. Юртбошимиз томонидан билдирилган ишонч ва юксак эътироф фидойиларни янада руҳлантириши шубҳасиз. Эндиликда, улар ўз зиммасида залворли касб юкини янада теран ҳис этган ҳолда, вазифасини сидқидилдан садоқат билан адо этадилар.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати