Навоий ИИБ бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Кармана туманида бўлиб ўтди
Инсон қадр-қиммати олий саналиб, бу борада қатор тизимли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда ҳудудларда сайёр қабулларнинг ўтказилаётгани, давлатимиз сиёсатида муҳим масала эканлигидан дарак беради. Хусусан, Навоий вилояти ИИБ бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Кармана туманида бўлиб ўтди. Унда фуқаролар мурожаатлари тингланди. Сайёр қабулда фуқаролар томонидан йўлланган мурожаатларнинг аксарияти тиббий масалалар, ички йўллар таъмири ҳамда имтиёзли кредит олиш ва субсидия каби мавзуларда бўлди. Хусусан, Наврўз МФЙда истиқомат қилувчи Озода Одилова фарзанди ногиронлиги туфайли операция муолажаси учун амалий ёрдам сўради. Унинг мурожаати Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси Кармана туман бўлими томонидан кўриб чиқилиши айтилди. Шунингдек, Пахтобод МФЙда яшовчи Обида Қосимованинг уй боғчаси очиш ҳақидаги мурожаати Мактабгача таълим бошқармаси томонидан ижобий ҳал этилди. Шу каби 19 та мурожаат ИИБ ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўрганиб чиқилди. Мавжуд имконият бўйича муаммолар ҳал этилди ва ҳуқуқий ёрдам берилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати