Навоий вилояти ИИБ бошлиғи "Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан хатирчилик уруш фахрийлари хонадонига ташриф буюрди
Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади. 9-майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди. Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Ҳозирги кунда Хатирчи туманида II жаҳон уруши қаҳрамонларининг 2 нафари истиқомат қилиб, ушбу кунда уларни йўқлаш, насиҳатлари-ю дуоларини олиш биз учун шараф. Хусусан Навоий вилояти ИИБ бошлиғи ҳамда туман ҳокимининг пиру бадавлат отахонлар хонадонига зиёрати хонадон эгалари учун кўтаринкилик бағишлади. Нуронийларимизга Юртбошимизнинг фармонларига мувофиқ 1920-йилда туғилган Бекназар бобо Қараев ҳамда 1925-йилда тўғилган Эшниёз бобо Эргашевларга 15 млн сўм миқдорида пул ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Айни пайтда улар истиқомат қилаётган "Оқ-олтин" ва "Чечак ота" маҳаллалари ёшлар билан гавжум.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати