7 Октябр 2020 йил 619

Навоий вилояти ИИБ ходимлари "Кексалар ҳафталиги" доирасида фахрий ходимлар ҳолидан хабар олди

     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 27 сентябрдаги 816-сон қарорига мувофиқ ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланиши фахрий ходимларга кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин намунасидир. Мазкур ҳафталик доирасида Навоий вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси ходимлари юртимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган бир гуруҳ ички ишлар органлари фахрийлари ҳолидан хабар олди. Соҳа фидойиларини ижтимоий-қўллаб-қувватлаш, яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш ёш ходимлар зиммасидаги шогирдлик бурч ва масъулиятлардан биридир. Узоқ йиллар бой тажриба асосида самарали хизмат қилиб, айни пайтда кексалик гаштини сураётган фахрийлар орасида ногиронлиги мавжуд, якка-ёлғиз ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожлари ҳам бор. Бинобарин, Навоий вилояти ИИБ томонидан 34 нафар ногиронлиги мавжуд, 5 нафар якка-ёлғиз ҳамда 11 нафар эҳтиёжманд нафақадаги ходимлар рўйхати шакллантирилган бўлиб, ҳафталик давомида уларни йўқлаш, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, яшаш ва маиший аҳволини яхшилашга кўмаклашиш, тиббий ёрдам ташкил этиш шарт-шароитлари самарали ташкил этилди.

     Ватанга садоқат билан хизмат қилиш, унинг сарҳадларини мардонавор ҳимоялаш соҳа ходимлари учун улкан шарафдир, – дейди вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Завқиддин Хўжанов. – “Кексалар ҳафталиги” доирасида соҳанинг чинакам фидойилари, жонкуярлари, том маънода, ҳақиқий ватанпарварлари билан учрашдик. Уларнинг машаққатли касб қийинчиликларига дош берган метин иродаси ҳамда тажрибага бой мароқли суҳбати барчани бирдек ҳаяжонга солиши билан бирга, қалбларга ўзгача ифтихор ва сурур бахшида этади, касбга бўлган меҳр-муҳаббатни янада оширади.

     66 ёшни қаршилаган Амир Узаков ҳам Навоий вилояти ИИБ Ташкилий инспекторлик бўлими инспекциясининг катта инспектори лавозимида кўп йиллар самарали меҳнат олиб борган. Машаққатли ва масъулиятли соҳа вакили ҳозирда нафақада. Бир гуруҳ соҳа ходимлари ҳамда шогирдларнинг бугунги ташрифидан отахоннинг қалби қувончдан масрур. – Беқиёс замин тафти, она халқимиз меҳри билан тирикмиз, – дейди Амир Узаков. – Юртимиз учун беминнат хизмат қилишнинг ўзи энг катта бахт. Биз учун кўрсатилаётган юксак эҳтиромдан, меҳнатларим бесамар кетмаганлигидан фахрланаман.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech