Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан Ғозғон шаҳрида кенг қамровли профилактика тадбирлари ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, Навоий вилояти бўйлаб бир қатор профилактик тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Вилоят ИИБ ходимлари томонидан Ғозғон шаҳри "Мармаробод" МФЙ ҳудудида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” тадбирлари ўтказилди. 20га яқин ходим жалб қилинган прафилактик тадбирлар давомида Мармаробод гузаридаги мавжуд жами 160 та хонадондан 76 тасига бирма-бир кирилиб, хонадон эгалари билан тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда уларни қийнаётган муаммолар ўрганилди. Ўрганишлар давомида “Мармаробод” МФЙга қарашли Мармаробод гузарида пробация ҳисобида турган, спиртли ичимликка ружу қўйган, илгари судланган ва жиноят қилишга мойил фуқаролар борлиги аниқланди. Уларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, гуруҳларга тақдим этилди ҳамда доимий назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож жами 11 нафар фуқаронинг аҳволидан хабар олиниб, ажрим ёқасида турган 1 нафар оилани яраштириш чоралари кўрилди.
Шунингдек тадбир давомида шаҳарнинг 6-сонли умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари билан “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларини олдини олиш” ҳамда "Диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашиш" мавзуларида учрашувлар ўтказилди. Профилактика куни тадбири давомида шаҳар ИИБ ходимлари ҳамда жамоатчилик билан биргаликда ҳудуддаги аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганиш, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, фуқароларнинг муаммоларини бартараф этиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш юзасидан илгари судланган, маъмурий назоратда турган, спиртли ичимликка ружу қўйган, оилавий жанжалкашлар, аҳлоқ-одоб доирасида ҳуқуқбузарлик содир этган ҳамда бошқа тоифалар бўйича профилактик ҳисобда турган шахслар билан профилактик ишлар олиб бориш ҳамда фуқароларни паспорт тизими қоидаларига амал қилишини назорат қилиш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш лозимлиги айтилди.
Ғозғон шаҳар ҳудудида ҳужжатсиз ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган ҳолда автомашина ва мототранспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ ҳолатлар учраб келаётганлиги сабабли вилоят ИИБ ЖҚБ, ЙҲХБ ҳамда ТВБСО ходимлари иштирокида авто рейд ўтказилди. 250га яқин автомашина тўхтатилиб, ҳужжатлари текширилганда турли қонунбузарлик ҳолатлари қайд этган 61 нафар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Тадбир давомида фуқаролар тамонидан билдирилган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида шаҳар ҳокими номига ҳамда масъул идораларга ахборотнома юбориш чоралари кўрилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати