Навоий вилояти ИИБ ҲПБда вояга етмаганлар билан ишлаш механизми такомиллаштирилди
Мамлакатимизда бошқа соҳалар каби Ички ишлар фаолиятида ҳам бир қатор ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига янги лавозим яъни вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологининг жорий этилиши айни муддао бўлди. Жамиятда вояга етмаган шахслар ўртасида ҳуқубузарликларни олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш шунингдек, уларни фойдали машғулот билан банд қилиш орқали соҳада юқори самарадорликка эришиш мумкин.
Вазирлар маҳкамасининг “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ижросини таъминлаш ҳамда соҳада эндигина фаолиятини бошлаган вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологлар фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан семинар тренинг ташкил этилди. унда вилоят ИИБ бошлиғи сўзга чиқиб, жамиятдаги психологик жиҳатдан нозик ижтимоий қатламни вояга етмаганлар ташкил қилишини, уларни қаровсиз қолдирмаслик чора-тадбирларини кўриш, оиласи, маҳалласи ҳамда улар таълим олаётган жойда назоратни кучайтириш муҳимлиги ҳақида сўзлади.
Семинар тренинг давомида Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати Маънавий-маърифий ишлар бўлими психологик таъминлаш гуруҳи катта психологи томонидан шу вақтга қадар вояга етмаганлар ўртасида руҳий ва низоли вазиятларни мисол келтириб келгусида ҳудудларда янги тизим асосида иш ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди. Тадбир давомида семинар иштирокчилари вилоят ИИБ вояга етмаганлар марказида тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Болалар билан юзма-юз мулоқотда бўлишди.
Мухтасар қилиб айтганда, тизимдаги мазкур ислоҳотлар, семинар тренинглар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда, энг асосийси эса улар ўртасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, келажакда ўз ўрнини топишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати