1 Сентябр 2020 йил 316

Навоий вилояти ИИБ бошлиғи ташаббуси доирасида истиқлол шодиёнаси муносабати билан эҳтиёжманд оила фарзандларига туҳфалар улашди

     Саховатпешалик, бирдамлик, олийҳимматлик каби эзгу қадриятлар улуғланадиган юртда яшаш бахтига мушаррафмизки, халқимиз ҳар қандай вазиятда бир-бирига кўмакчи ва елкадошдир. Сўзимиз исботини, хайрли анаъналар бардавомлигини мамлакатимизда ҳукм сураётган эпидемиологик вазиятда амалга оширилаётган хайрия тадбирлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, Навоий вилояти ИИБ бошлиғи жаннатмакон юртимиз мустақиллиги шодиёнасининг 29 йиллиги муносабати билан 3-секторга қарашли ҳудудларда бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами ҳолидан хабар олди. Байрам муносабати билан кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Айниқса, оила фарзандларининг 2020-2021 ўқув йили учун ўқув қуроллари, мактаб либослари ҳамда спорт кийимлари билан таъминланиши келажак ворисларининг икки ҳисса қувончига сабаб бўлди.

     – Фарзандларимни ўзим вояга етказиб келмоқдаман, – дейди Нурота туманида истиқомат қилувчи С.Фармонова.  Ёлғиз она бўлишимга қарамасдан, оиладаги иқтисодий етишмовчиликларимда ИИО ходимлари яқиндан ёрдам бериб келмоқдалар. Улар томонидан кўрсатилаётган беминнат хизматидан миннатдорман. Айниқса, улуғ тантана муносабати билан фарзандларимга янги ўқув йили учун мактаб қуроллари ҳамда спорт кийимларининг туҳфа этилиши бизни чексиз қувонтирди. Ваъда бериб айта оламанки, келажакда фарзандларимни Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган оқил фарзандлар қилиб тарбиялайман.

    Саховат тадбири доирасида янги ўқув йили учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида сектор ҳудудига қарашли Хатирчи ва Нурота туманидаги 10 дан ортиқ оила вакилларига туҳфалар улашилди. Вилоят ИИБ томонидан амалга оширилаётган хайрия тадбиридан кўзланган мақсад, ўқувчи-ёшларни моддий қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, уларнинг самарали билим эгаллашлари учун зарур шарт-шароитларни яратишдир. Зеро, умидимиз ва эртамиз эгаларининг комил фарзанд бўлиб камол топишида яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар муҳим аҳамият касб этади. 

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech