Навоий вилояти ИИБда ишчи-ходимлар учун арзонлаштирилган бозор ярмаркаси ташкил этилди
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами муносабати билан жорий йилнинг 20-август куни вилоят ИИБда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари белгиланган антисанитария қоидаларига амал қилган ҳолда ташкил этилди. Ярмаркада ишчи ходимлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозор ва дўконлардагидан паст нархларда сотиб олиш имкониятига эга бўлдилар. Ярмаркада мол ва парранда гўшти, мева, сабзавотлар, ун, гуруч, ёғ ва шу каби 20га яқин маҳсулотлар билан бирга, ходимлар фарзандлари учун мактаб ярмаркалари ҳам йўлга қўйилди.
– Мустақиллик байрамини кўтарингки кайфиятда кутиб олиш мақсадида ҳар бир хонадонда байрам дастурхони ёзилиши анъанага айланган. Мана шу дастурхонимизни нози-неъматларга тўлдириб, шодиёнани тўкин-сочинликда нишонлашимиз учун ИИБ раҳбарияти томонидан озиқ-овқат ярмаркасининг ташкил этилиши биз учун айни муддао бўлди. Оиламиз билан келиб маҳсулотларни арзон нархларда харид қилдик. Фарзандларимиз учун зарур ўқув қуролларини ҳам шу ярмаркада сотиб олдик. Бу каби қулайликлардан бошимиз осмонга етди,-дейди хўжалик хизмати ҳайдовчиси сафдор Жонибек Раҳимов.
Ташкил этилган бу каби арзонлаштирилган ярмаркалар ИИБ ходимлари ва оила аъзоларини ижтимоий қўллаб қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати