Навоий вилояти ИИБда “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан ҳашар тадбири ўтказилди
Ҳашар – ота-боболаримиздан мерос асрий урф-одат, халқни якдилликка, бирдамликка чорловчи, меҳр-оқибатни янада мустаҳкамловчи, эзгуликни тараннум этувчи унутилмас қадрият. Анъана бардавомлиги эса асрлар оша сайқалланиб бориши баробарида, келажак авлод эгаларини меҳнатсеварликка ўргатади, бирдамликда қилинган ишнинг самараси катта куч эканлиги эса амалий иш жараёнида исботланади. Мамлакатимизда ҳар йили “Наврўз” умумхалқ байрамига муносиб тайёргарлик кўриш, ҳудудларда ободонлаштириш ишларини олиб бориш мақсадида умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш ўзгача тус олган бўлиб, унда халқимизнинг муносиб иштироки эпидемиологик осойишталикни сақлашга қаратилган катта ҳиссадир.
Республикамиз бўйлаб жорий йил 13-март куни ўтказилиши белгиланган кенг қамровли ҳашар тадбирлари Навоий вилоятининг барча ҳудудларини ҳам қамраб олди. Юртимизда янги йилнинг бошланиши, янгиланиш ва яшариш айёми ҳисобланмиш “Наврўз” байрами шукуҳи кезиб юрган айни паллада, улуғ тантанани кўтаринки руҳда нишонлашга ИИО ходимлари ҳам ўзларининг муносмб ҳиссасини қўшишди. Хусусан, Навоий вилояти ИИБда хизмат қилаётган соҳа фидойилари иштирокида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган ишлар ташкил этилган бўлиб, ҳашар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этган тартибда олиб борилди. Барча шаҳар-туман бўлимлари биноларида гигиена талабларига эътибор қаратилиб, кераксиз чиқиндилардан тозаланди, дарахтлар оқланиб, ерга қайта ишлов берилди. Атмосферага фойда келтирувчи, атроф-муҳитни кислород билан таминловчи мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда гул кўчатлари экилди. Шунингдек, аҳолини қўллаб-қувватлаш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни кучайтириш мақсадида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, ҳашар йўли орқали уларнинг яшаш хонадонларида ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Кармана тумани "Талқоқ" МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро ҳолидан хабар олган бир гуруҳ соҳа ходимлари унинг яшаш хонадонига байрамолди файз киритди. Хонадонда мавжуд дарахтлар оқланиб, мевали кўчатлар ўтқазилди. – Жамиятимизда ҳеч бир фуқаро тақдири эътибордан четда қолаётгани йўқ, – дейди, карманалик 83 ёшни қарши олган Жўрақул Ғафуров. – Отаётган тонгимиз, ўтаётган кунимиз шукроналикка бой. ИИО ходимлари томонидан кўрсатилган ғамғўрлик байрамона туҳфа бўлди. Миннатдорчилигимнинг чек-чегараси йўқ.
Бир сўз билан айтганда, ҳашар доирасида амалга оширилган тадбирларга ёшу кексаларимиз бирдек ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Кўнгли обод халқнинг амали эзгу, олиб бораётган ишлари якуни хайрли бўлади. Вилоятимиз бўйлаб ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати