21 Январ 2021 йил 298

Навоий вилояти ИИБда ўтказилган навбатдаги йиғилиш жорий йилдаги устувор вазифаларга қаратилди

  Ўтган йилда амалга оширилган ишлар таҳлили ва жорий йилдаги  устувор вазифалар муҳокамаси. Навоий вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи, подполковник З.Хўжанов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда айнан мана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Унда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармасининг Навоий вилояти бўйича бўлими бошлиғи, подполковник У. Назаров  ҳам иштирок этди. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ҳамда халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ҳамда ўтган йил сарҳисоби батафсил ўрганиб чиқилди.

   Мазкур йиғилишда вилоят ИИБнинг таркибий ҳудудий тузулмалари бошлиқларининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари, кадрлар инспекторлари ҳамда психологлар қатнашди. Дастлаб 2020 йил мобайнида бошқарма ва унинг ҳудудий бўлималари шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми, қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида эришган ютуқлари ва йўл қўйган камчиликлари, ходимлар томонидан содир этилган ножўя ҳаракатлар ва салбий ҳолатлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбир қатнашчиларининг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги, билим ва кўникмалари яна бир бор синовдан ўтказилди. Йиғилиш якунида ўз касбига виждонан ёндашган ҳолда, намунали фаолият олиб борган бир гуруҳ соҳа фидойиларига вилоят ИИБ бошлиғиниинг ташаккурномалари топширилиб, барча қатнашчиларга 2021 йилда амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар юзасидан тегишли вазифа ва топшириқлар берилди.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech