2 Март 2021 йил 567

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ИИБНИНГ БИР ГУРУҲ ХОДИМЛАРИ ТАРИХИЙ ҚАДАМЖОЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ УЧУН САМАРҚАНД ШАҲРИГА ТАШРИФ БУЮРИШДИ

     Мамлакатимизда амалга оширилаётган оқилона сиёсат ҳамда самарали ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсадлардан бири  жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, аҳолини моддий ва маънавий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар онгига асрлар оша сайқалланиб келинаётган миллий анъаналаримизни сингдиришдан иборатдир. Хусусан, бетакрор обидаларимиз, улуғ алломаларимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб қилиш, уларни зиёрат этиш орқали халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган асрий урф-одатларни давом эттириш келажак авлод давомчилари зиммасидаги масъулиятли бурч ва вазифадир. Беназир қадриятларимиз давомийлигини таъминлаш мақсадида, Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан соҳада фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ходимлар иштирокида азим ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.

    Меҳмонлар “Рўйи замин сайқали” дея эътироф этилувчи Самарқанд шаҳрида бўлиб, ислом оламининг йирик мутафаккири, “муҳаддислар имоми”, “ҳадис илмининг султони” дея улуғланган ҳазрати Имом ал-Бухорий муқаддас қадамжоси, азим шаҳарнинг тарихий обидаларидан бири ҳисобланган “Хўжаи Исфандиёр” зиёратгоҳи, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, бутун дунёга машҳур бўлган Регистон майдонини зиёрат этди. Айниқса, “Мустақиллигимиз асосчиси” дея ўзбек халқи тарихида такрорланмас ва ўчмас из қолдирган Биринчи Президентимиз қабрларини зиёрат этиш соҳа ходимлари қалбини жунбушга келтириши билан бирга, юракда Ватанга бўлган муҳаббат, жасорат ҳамда садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлади.

– Залворли ва шарафли касб юкини зиммасига олиб, Ватан тинчлиги, халқнинг осуда ҳаётини таъминлаш мақсадида ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечган соҳа фидойилари учун ташкил этилган мазкур саёҳат маданий ҳордиқ бўлди, – дейди вилоят ИИБ КБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ғайрат Ҳасанов. – Бутун дунёни ҳайратга солган муҳташам обидаларимиз ва муқаддас қадамжоларимизни зиёрат қилиш билан биргаликда, уларнинг яратилиш тарихи билан танишиш ходимларнинг маърифати янада юксалишига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, ички ишлар органлари вакиллари иштирокида ташкил этилган саёҳат соҳа ходимларида унутилмас таассурот қолдирди.

             Навоий вилояти ИИЬ Ахборот хизмати 

 

 

Text to speech