Навоий вилояти Навбаҳор туман аҳолиси мурожаатлари 3-сектор мутасаддилари томонидан ижобий ҳал этилмоқда
Сектор раҳбарларининг амалий кўмаги билан кўплаб ҳамюртларимиз ўзларини қийнаб келаётган турли муаммоларга ечим топмоқда. Энг муҳими, мурожаатлар тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида қонуний ва адолатли ҳал этилаётгани, фуқароларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунга ишонч ҳисси билан яшашларида муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан Навбаҳор тумани аҳолисининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган қатор ҳудудий дастурлар ишлаб чиқарилиб айни кунда улар ижроси амалга оширилмоқда. Туман бўйича аҳолини сув билан таъминлаш ишлари ҳомийлик ва ҳашар йўли билан амалга оширилиб, 1 кмга яқин сув қувурлари ётқизилди, мавжуд таъмирталаблари тузатилди.
Ҳудуднинг ички имкониятларидан келиб чиқиб, сектор раҳбарилари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда 20,9 км ички йўллар шағал қоплама билан таъмирланди. Бунда, таъмирлаш ишлари учун 40га яқин махсус техникалар ва 20 нафар ишчи ходимлар жалб этилди. Электр энергияси таъминотида муаммолари бўлган аҳоли турар жойларида 134 та симёғочлар, 2 дона трасформатор пунктлари ўрнатилди ҳамда, қўшимча 5,7 км ҳаво электр узатиш симлари тортилди.
“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ туман бўлими томонидан аҳолига 25 дона янги газ балонлари тарқатилиб, 12 дона газ тақсимлаш қурилмалари жорий таъмирланди. Шу билан биргаликда график асосида доимий равишда аҳоли хонадонларига сюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилди. Иситиш тизими учун аҳолига қўшимча равишда 214 тонна кўмир маҳсулоти тарқатилди. Ободонлаштириш бўйича ҳам самарали ишлар амалга оширилди, мингга яқин мевали кўчатлар ўтқазилди.
Мухтасар қилиб айтганда 3-сектор ташаббуси билан амалга оширилган ишлар Навбаҳор туман аҳолисига муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилди. Зеро, халқ билан мулоқот, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад бўлиб, унинг рўёби юртимиз равнақига, унинг янада гуллаб-яшнашига, фуқароларнинг тинч, осуда, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати