7 Декабр 2021 йил 460

Навоий вилоятида жойлашган 7532 ҳарбий қисмда “Касбий тайёргарлик” ойлиги давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2021 йил 9 ноябрь кунидаги фармойишига асосан ўтказилаётган мазкур “Касбий тайёргарлик” ойлигида 7532 ҳарбий қисмда махсус ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, ушбу гуруҳнинг вазифаси ҳарбий хизматчиларни ўз бурчига садоқат, Ватанга муҳаббат хислатларини янада оширишдан иборат. Ушбу йўналишда ҳарбий қисмда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Жанговар хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш бўлинмаси томонидан “Қўриқлаб бориш қоровулининг жанговар хизмати” мавзусида қисм комендантлик соати ташкиллаштирилди. Машғулот давомида ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳоратлари яна бир бор синовдан ўтказилди. Ахборот коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўлинмаси бошлиғи майор Ғ.Кубаев ҳарбий хизматчиларни ахборот коммуникация тизимидан тўғри ва мақсадли фойдаланиш тўғрсида, ахборот ҳавфсизлигини таъминлаш борасида масъул ходимлар билан маҳорат дарслари ўтилди.       

Ҳарбий хизматчиларнинг доимий ҳамроҳи бўлган ўқ отар қуролларидан тўғри фойдаланиш борасида “Қурол хазилни ёқтирмайди, хатони кечирмайди” шиори остида ҳар ҳафтада лейтенант М.Шерматов томонидан қуролни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, нишонга аниқ олиш каби машғулотлар доимий ташкиллаштирилиб келмоқда. Бу эса ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлигини ошириш учун замин бўлмоқда.

Ҳарбий қисмда ўтказилаётган  “Оммавий спорт ишлари кўриги” кўрик-танлови ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш билан бир қаторда уларни соғломлаштириш ва чиниқтириш учун хизмат қилса, “Энг намунали устоз ва шогирд” кўрик-танлови ёш ҳарбий хизматчиларни ўз касбининг устаси даражасига етиштириш масъулиятини юклайди.

Хуллас, ҳарбий хизматчиларнинг ўз устида ишлаши ва касбий маҳоратини ошириши борасида мазкур ойликнинг ўрни ва ахамияти катта бўлмоқда.

 

 

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech