10 Август 2021 йил 509

Навоий вилоятии ИИБ бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Кармана туманида бўлиб ўтди

Президентимиз таъкидлаганларидек, халқ ишончи-ҳар бир раҳбар фаолияти меъзонига айланмоғи даркор. Дарҳақиқат, халқ билан ҳамнафас яшаб, муаммоларини ўрганиш шу билан бирга уларга ўз вақтида самарали ечим топиш халқимиз ишончини оқлашда муҳим аҳамиятга эга. Хусусан Навоий вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Тасбаевнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ҳам айнан халқнинг оғирини енгил қилишга қаратилган. Аввал хабар берганимиздек, ИИБ бошлиғининг жойлардаги сайёр қабули вилоятимиз бўйлаб тизимли давом этмоқда. Навбатдаги мурожаатларни ўрганиш шаҳарга энг яқин туман-Карманада бўлиб ўтди. Мазкур туманнинг “Нарпай” МФЙи аҳолисининг турмуш шароити, муаммолари ўрганилди. Нарпай МФЙига қарашли барча маҳаллалар кўздан кечирилди ҳамда шу кунга қадар аҳоли томонидан қилинган мурожаатлар ижроси текширилди. Ечимталаб мурожаатлар эса мутасадди ташкилотлар билан бирга бартараф этилди.

  • 2020-йил турмуш ўртоғим вафот этган. Бир нафар фарзандим бор. Ўтган йили йўлланма асосида 11-МТМга мавсумий ишга жойлашдим. Энди эса бу иш жойи тугатилмоқда. Мени яна ишга киришимда амалий ёрдам беришингизни сўрайман,-дейди Камолот маҳалласида яшовчи Дилбар Алимова.

Мазкур фуқаронинг ижтимоий аҳволини ҳисобга олиб зудлик билан бандлик асосида янги ишга жойлаштириш чораси кўрилди. Худди шу каби масала билан юзланган Абдумуродова Шахнозанинг ҳам мурожаати қаноатлантирилди. Шунингдек,бошқарма бошлиғи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни мақсад қилган 3 нафар ёшлар лойиҳалари билан танишди ва ижросини таъминлаш бўйича топшириқ берди. 2 нафар оила ижтимоий ҳимоя реестрига киритилди ва фарзандларига 18 ёшга киргунга қадар нафақа тайинлашда кўмаклашилди.

Шу куннинг ўзида вилоят ИИБ бошлиғи Кармана тумани қабулхонасида бошқа бир маҳаллалар аҳолисининг мурожаатларини тинглади. Уларни ҳам тизимли ўрганиб ижобий ҳал қилиш чора-тадбирлари кўрилди. Мисол учун “Деҳқон” МФЙлик Фароғат Шарипова маҳалланинг ички асосий кўчаси таъмирталаб бўлиб қолганинии, маҳалладаги аҳолига бирмунча қийинчилик туғдираётганлигини айтди. Маҳалланинг кўчаларини кўздан кечирилиб таъмирлаш ишлари куннинг ўзидаёқ бошлаб юборилди.

Шундай қилиб ҳудудда 20 дан ортиқ фуқаролар мурожаатлари ўрганилди. Сайёр қабулга ҳар бир фуқаро ўзининг муаммосини ижобий ҳал қилиш умидида келган, албатта. Аммо уларнинг мурожаатларининг айримлари жойида ҳал этилган бўлса, айримлари эса маълум муддат талаб қиладиган масалалар. Яна бир гуруҳ фуқароларга ҳуқуқий асосланган тавсиялар берилди. Кузатувлар натижасига кўра ҳудуд аҳолисининг турмуш шароити бошқа туманлардан анчайин яхши. Сабаби, аҳоли вилоят марказидаги барча ишлаб чиқариш корхоналари, маиший ва савдо марказларига муаммосиз боришлари  ҳамда фойдаланиш имкониятларига эга. Газ ва элект муаммолари деярли мавжуд эмас.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

Text to speech