Навоийда 19 ёшли қизни фоҳишаликка мажбурлаб келган аёл қўлга олинди
Навоий вилоятида яшовчи 29 ёшли фуқаро З.Ф таниши 19 ёшли Р. Ў.нинг бошпанасиз ва моддий жиҳатдан қийналиб қолганлигидан фойдаланиб, уни ўзи билан бирга яшашга кўндиради.Қиз рози бўлгач, уни ўзи вақтинча истиқомат қилиб келаётган уйига олиб келади ҳамда шу йўл орқали унинг фуқаролик паспортини қўлга киритади. Мўмай даромад илинжида уни доимий равишда эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келади.
2021 йилнинг 10 февраль куни вилоят ИИБ Тва ЭҚКБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида қўшмачи аёлнинг барча кирдикорлари ошкор этилди.
Навоий шаҳрида жойлашган «Гумбаз» номли кафеда тадбирга шартли равишда мижоз сифатида жалб қилинган шахсга Р. Ў.ни 400.000 сўм эвазига 3 кун муддатга жинсий алоқа қилиши учун сотаётган вақтида, фуқаро З. Ф тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, 400 000 сўм пуллар ашёвий далил тариқасида холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро З. Фга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган. Ушбу жараёнда, фуқаро З. Ф айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати