7 Май 2022 йил 418

Навоийда 9-май "Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олинди

Хотира – азиз, қадр – муқаддас. Юртимизда хотира ва қадрлаш кунини кенг миқёсда нишонлашимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди. Жуда кўп мамлакатлар бошига кулфатлар ёғдирган, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган, аёлларни бева, болаларни отасиз қолдирган Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидан омон қайтган боболаримизни қадрлаш ва эъзозлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Навоий вилояти ИИБ ходимлари байрам муносабати билан уруш фахрийси Пирназар отани кўриш учун Кармана тумани Дўрмон маҳалласига ташриф буюришди. Соҳа ходимлари отахоннинг 103 ёшни қаршилаётганига қарамай томорқа юмушларини бажараётганига гувоҳ бўлишди. Ҳаётнинг барча синовларига саботи билан жавоб қилган Пирназар ота бошдан кечирганларини шундай эслади: “1942 йил 25 сентябрда менга ҳам чақирув қоғози келди. Унгача бир йилни минг бир азобда ўтказдим. Чунки урушдан фронт ортидаги оддий халқ ҳам жабр кўриб яшади. Буғдойнинг унини давлатга топшириб, кепагидан нон қилиб жон сақлардик. Худога минг шукр, юртимиз тинч-осойишта. Ана шу тинчлигимизга кўз тегмасин”-дея чуқур хўрсинган уруш қаҳрамони ёшларга насиҳатларини улашди, тинч ва осойишта замон учун шукроналик дуосига қўл очди.
Шундан сўнг Пирназар ота Турдиев хонадонига ташриф буюрганлар билан бирга “Мотамсаро она” хотира майдонига ташриф буюрилди. Беназир инсон, тинчлигимиз, мусаффо осмонимиз учун жонини аямаган II Жаҳон уруши қатнашчиси хотира майдони қаршисида бир зум ҳаёлга толди. Бу жойда урушнинг мислсиз талофатларидан аззият чеккан яқинлари, тенгдошларини хотирлаган отахон кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор учун давлатимиз, Юртбошимиз ҳақига дуо қилиб, ёшларимиз дориламон кунларнинг қадрига етишлари лозимлигини такрор-такрор айтди.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech