20 Январ 2022 йил 356

Навоийда академик лицей ўқитувчилари иштирокида амалий семинар-тренинг бўлиб ўтди

Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат.

ИИВ Навоий академик лицейининг ҳам ташкил этилганлигига қисқа муддат бўлса-да, мамлакатимизнинг келажакдаги пасбонларини тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Замон билан ҳамнафас ва жаҳон стандартларига мос равишда қайта таъмирланган ва жиҳозланган 3 қаватли ўқув биноси, минглаб ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар фондига эга бўлган АРМ, спорт зал, ётоқхона ва яқинда қуриб битказилган 250 ўринли ошхона биноси  шулар жумласидандир.

 Бу каби имкониятлардан янада руҳланган  ўқувчи-ёшлар эса бор қобилиятларини ишга солган ҳолда илм-фан соҳасида дейсизми, спорт соҳасида дейсизми юксак марраларни забт этишмоқда.

         Сарҳисоб қиладиган бўлсак, ўтган ўқув йили якуни бўйича академик лицейимиз битирувчилари ИИВ Академиясига қабул жараёнидаги  синовларда ҳамда олий таълим муассасаларига киришда юқори натижаларга эришдилар.Бу ижобий натижалар  педагог-устозларнинг маҳорати, заҳматли меҳнатининг маҳсули, албатта.

2021-2022-ўқув йилида ҳам ИИВ Навоий академик лицейи    ўқитувчи-педагоглари  янада масъулият ва илғор замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларга таълим-тарбия бермоқдалар.

Кейинги вақтда таълим соҳаси вакилларига яратилган зарур шарт-шароитлар билан бир қаторда,  ўз устида ишлашлари, маҳоратларини ошириб боришлари бўйича талаблар ҳам қўйилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, яқинда таълим даргоҳимизга  Ўзбекистон Республикаси ИИВ Навоий академик лицейида “Ўқитишнинг  замонавий шакл ва усуллари, илғор педагогик, инновацион технологиялар” мавзусида 4 кунлик амалий семинар-тренинг машғулотлари бўлиб ўтди.

Баҳс ва мунозара асосида ўтказилган мазкур машғулотларга Навоий давлат педагогика ва  Навоий давлат  кончилик институтларининг тажрибали педагоглари, услубчилари таклиф этилди. Улар академик лицейимиз ўқитувчиларига  таълим беришнинг  энг замонавий усулларини қўллаш бўйича ўз тажриба ва маҳоратлари билан ўртоқлашдилар. Ўз навбатида академик лицей ўқитувчилари томонидан яратилган қатор услубий қўлланмаларнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.  Бу каби семинар-тренинглар, шубҳасиз, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, ўқувчиларга билим беришни юқори даражага олиб чиқиш ва келгусида самарадорликка эришишга замин яратади десак муболаға бўлмайди.

ИИВ Навоий академик лицейи ҳамда  НДПИ ва НДКИ ҳамкорлигини келгусида яна давом эттиришга келишиб олинди.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech