Навоийда ерни аукционга қўйиш ва ютиб бериш эвазига 300 АҚШ доллари олаёган фуқаро қўлга олинди
Фуқаро Н.Р савдо маркази қуриб тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида шаҳар ҳудудидан ер-жой кўриб юрган пайтда Амир Темур кўчасида 150 кв.метр бўш ер борлигини билди. Таниш-билишларидан шу ер ҳақида сўраб-суриштирди. Рўпарасидан чиққан “ҳожатбарор” “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалида лойиҳалаштириш бўлими бош архитектори лавозимида ишлайдиган И.П 300 АҚШ доллари эвазига муаммосини ҳал қилиб беришини айтди. Яъни мазкур ерни кадастр палатаси ва архитектура бўлимида ишловчи танишлари орқали аукцион савдосига қўйиб бериши ва ҳатто савдода ютиб беришини ҳам таъминлашни ўз бўйнига олди. Н.Р инсон омилига боғлиқ бўлмаган аукцион тендерида ютиб чиқишига унчалик ҳам кўзи етмади шекилли, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берди. Маълум қонун-қоидалар асосида аукционга қўйиладиган ер ва уни қўлга киритиш И.Пнинг ваколатида бўлмасада Н.Рнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирган эди. И.П ваъда қилган хизмати эвазига келишилган 300 АҚШ долларини олаётган пайтда Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинди. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати