8 Август 2023 йил 742

Навоийда фуқаро нега 400 млн сўм пулларни 160 млн сўмга алмаштирмоқчи бўлди?

Қизилтепа туманида истиқомат қилаётган асли бухоролик 30 ёшли Аслиддин (Исмлари ўзгартирилган) компьютер технологияси соҳасидаги билимларини хайрли йўлда сарфламади. Сохта пулларни ишлаб чиқариш фикри уни куну тун тинч қўймади. Шайтон васвасасига қулоқ осиб ўйлаган режасини амалга ошириш учун шерик излай бошлади. Қинғир қийшиққа ҳамроҳ бўлар деганларидек у топган одамлар ҳам шу “ёғлиқ” ишга ён берди. Жиноий тўдада бири пулларни ишлаб чиқариш, бири муомалага киритиш яна бири ёрдамчи ва ҳайдовчилик қилишни бўйнига олди. Пуллар тайёр бўлди. 200 минг сўмлик купюрада жами 400 млн сўм пуларни ишлаб чиқариш анчайин машаққат туғдиргани рост. Аммо шунча куч ва ақлий меҳнатни қадрламай туби кўринмас жарликка етаклаётганини англамаган тўртовлон бугун қонун олдида жавоб беришга мажбур.
Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ, ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва Департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирида жиноий гуруҳ томонидан 400 млн сўм сохта пуллар 160 млн сўм ҳақиқий пулларга алмаштирилаётган пайтда қўлга олинди. Ҳозирда уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech