16 Феврал 2021 йил 537

Навоийда ходимга "келишишни" таклиф қилган фуқаро Ўз хавфсизлик ходимлари томонидан ушланди

       Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган. Шунга қарамай қонунларни ўзларича талқин қилиб, меъёрий ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқараётган, ўз кирдикорларига кўз юмиши учун соҳа ходимларига "ҳадя" бермоқчи бўлаётганлар ҳам учраб турибди.

     Жорий йилнинг 2-февраль куни Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ сафарбарлик гуруҳлари томонидан ўтказилган тадбирда “Cobalt” русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда ҳайдовчида бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар йўқлиги аниқланди. Жиззахлик фуқаро Ю.А томонидан бошқариб келинаётган автомашина содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун  “Кармана Оқ Сарой” МЧЖга қарашли автомашиналар жарима майдонига келтирилган. Аммо вазиятни жиддий баҳоламаган ҳайдовчи машинани жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ инспектори сафдор А.Ўроқовга пора тариқасида 50 АҚШ доллари таклиф қилади. Ходим фуқаронинг ушбу ҳатти-ҳаракати қонунга зид бўлиб, бунинг учун жавобгарлик муқаррар эканлигини  тушунтиришига қарамай хайдовчи пора таклиф этишда давом этади. ИИВ ЎХБ ходимлар томонидан келиб тушган маълумотга асосан ИИВ ЎХБ Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан  ўтказилган тезкор тадбир натижасида пора бермоқчи бўлган шахс ашёвий далиллар билан ушланди.

      Мазкур ҳолат юзасидан А.Юга нисбатан  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

           Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech