28 Июл 2021 йил 490

Навоийда ИИБ ЙПХ ва ЖТСБ ходимлари томонидан яроқсиз гўшт маҳсулоти тўхтатиб қолинди

Тадбиркорларда бир шиор бор: “Яхши тадбиркор бўлишни истасанг, истеъмолчини ўрнига ўзингни қўйиб кўр”. Дарҳақиқат, шундагина сотувчи ҳам харидор ҳам луқмасини ҳалоллайди. Аммо орамизда ўзи учун раво кўрмаган яроқсиз маҳсулотни халқига сотиб даромад оладиган фуқаролар ҳам учраб турибди. Бухоролик 30 ёшли А.М танишининг "ISUZU" русумли машинасида Тошкент вилоятига гўшт олиб бориб сотишни мақсад қилади.  Юк машинасига жами 900 кг санитария талабларига жавоб бермайдиган қўй ва мол гўштини юклаб ярим кеча йўлга тушди. Аммо режаси чипакка чиқди.  Навоий вилояти ИИБ ЙПХ ходимлари машинани текшириш учун тўхтатганида ҳайдовчининг ранги бироз оқарди. Чунки мазкур гўшт маҳсулотларини яроқлилик даражасини билдирувчи ҳеч қандай ҳужжати йўқ эди.

Ёзнинг жазирамасида истеъмол маҳсулотларини бир муддат кечиктирмай совуткичда сақлаш кераклигини яхши биламиз. Айниқса гўшт маҳсулотининг сифати тез бузилади. Фуқаронинг бу каби фаолиятига қонуний чора кўрилиши биринчи масала, аммо маҳсулотнинг истеъмоли қанчадан-қанча инсонлар соғлигига путур етказишини билган ҳолда фаолият юритиш ҳеч қандан ахлоқ нормаларига тўғри келмаслиги шубҳасиз. Ҳолат юзасидан ИИБ ППХ ва ЖТСБ ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech