12 Апрел 2021 йил 289

Навоийда ИИБ мутасаддилари ёш спортчилар билан учрашишди

Вилоят Олимпия заҳиралари коллежида вилоят Ички ишлар бошқармаси мутассадилари ёш спортчилар билан учрашишди. Тадбирда Бошқарманинг Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимлари томонидан спортда эришилган ютуқлар ҳамда ундан тўғри мақсадда фойдаланиш, мамлакатимизнинг нуфузини оширишда спортнинг аҳамияти тўғрисида маълумотлар берилди.
“Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, мамалактимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, ислоҳотлар ҳақида уларга батафсил тушунча беришдан иборатдир. Биз белгиланган режа асосида ҳар ойда 2-3 маротаба ёшлар билан учрашувларни ташкил этиб келмоқдамиз, айниқса спорт билан шуғулланувчи ёшларнинг кейинги фаолиятида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларда Ватанга бўлган муҳаббатни оширишда, энг муҳими юртга дахлдорлик туйғуларини шакллантиришда мазкур тадбирларимизнинг аҳамияти юқори. Спорт билан тўғри мақсадда шуғулланиш, ён атрофдагиларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш инсонни мувофаққиятлар сари етаклайди.” - дейди, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ш.Ибрагимов.
Дарҳақиқат, ҳар бир ота-она бугун фарзанд тарбиясида алоҳида эътибор қаратиши лозим жиҳатлар бор. Чунки ўсиб келаётган нав ниҳол қайси томонга қаратилса, худди шундай ўсади. Тадбир давомида ёшларга намойиш этилган видеороликларда Ички ишлар ходимларининг жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олишда масъуляти ва бу борада кўрсатаётган жасорати акс этди. Қизғин ўтган мулоқотлар жараёнида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, учрашувда кўплаб спортчи ёшлар келажакда Ички ишлар ходими бўлишни, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олишда жонбозлик кўрсатишларини таъкидлашди. Мухтасар айтганда, бу каби тадбирлар эртамиз умидларининг ҳаётда ўз ўринларини эгаллашлари ва юрт корига ярайдиган мард ўғлонлар бўлиб тарбияланишларида муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

 

 

Text to speech