Навоийда ҳимоя ордери чекловларини бузган ҳуқуқбузарга маъмурий қамоқ жазоси белгиланди
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз ўрнига эга бўлишларига кўмаклашиш, соғлом турмуш-тарзи кечиришларига ёрдам бериш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида жабрланган аёлларга нисбатан ҳимоя ордери берилмоқда. Ҳусусан, Навоий вилоятида ҳам оилалардаги турли хил келишмовчиликларнинг олдини олиш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, ажрим ёқасидаги оилаларни ҳамкор ташкилотлар билан яраштириш чоралари кўрилиб, турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликлар сони камайишига эришилмоқда. Бироқ, хотин-қизларга берилган ҳимоя ордери чекловларини бузаётган фуқаролар ҳам бор, албатта.
Карманалик 1973 йилда туғилган фуқаро Н.Р. мунтазам спиртли ичимлик ичиши оқибатида оиласида жанжал кўтариб, турмуш ўртоғи А.Р.га нисбатан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб келган. Фуқаро А.Р.нинг Кармана тумани ИИБга ариза орқали қилган мурожаати эътиборга олиниб, унга нисбатан 2 маротаба ҳимоя ордери берилишига қарамасдан, оилавий низолар барҳам топмаган. Оила аъзоларининг ўзаро муросага келиб яшашлари учун маҳалла фуқаролар йиғинида бир неча маротаба муҳокамалар ташкил этилиб, ҳимоя ордери муддати жорий йилнинг 26 январь кунидан 26 февраль кунига қадар қайта узайтирилган. Бироқ, хатоларидан хулоса чиқармаган Н.Р. огоҳлантиришларга қарамасдан, ҳимоя ордери чекловларни қўпол равишда бузишда давом этган. Натижада, Кармана тумани ИИБ томонидан тўпланга ҳужжатлар туман ЖИБ судига тақдим қилиниб, суд қарорига мувофиқ, Н.Р.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати