19 Декабр 2021 йил 536

Навоийда ишчи гуруҳ томонидан жиноятчиликнинг "маҳаллабай" жиловлаш ишлари аҳволи ўрганилди

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида фуқароларнинг ижтимоий масалалари ечимидан тортиб, жиноятчиликни барвақт олдини олиш, маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш асосий вазифа этиб белгиланган, десак муболаға бўлмайди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш ишлари ҳар бир шаҳар-туманларда “маҳаллабай”, “хавфсиз хонадон”, “хавфсиз ҳовли” ва “фуқаробай” шаклларда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятининг барча туман-шаҳарлари Учқудуқ, Зарафшон, Томдидан тортиб Нурота ва Ғазғон шаҳрида ҳам бўлиб, жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ишларининг аҳволи ҳамда ички ишлар органларининг қуйи тизимлари фаолиятини ўрганди.

Жумладан, вилоят марказидан 300 чақирим узоқликда жойлашган олис Учқудуқ, Томди туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрининг маҳалла ва овулларида истиқомат қилувчи аҳолининг мавжуд муаммолари ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан Учқудуқ тумани ҳудуд жихатдан йирик туман ҳисобланиб, 13 та Маҳалла фуқаролар ва Овул фуқаролар йиғинларини ўз ичига олади. Туман ҳудудидаги крименоген вазият, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноятларни маҳаллалар кесимида олдини олиш  борасида қилинган ишлар кўздан кечирилди. Шунингдек, Туман ички ишлар бўлимида ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам ўрганилиб, керакли тавсиялар берилди.

Ишчи гуруҳ вакиллари Зарафшон шаҳридаги 36-сонли “Ёшлик ” маҳалласи ҳуқуқ-тартибот масканида бўлиб, дастлаб маҳаллада яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Ҳуқубузарликларни барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ишлари аҳволи таҳлил қилинди. Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур маҳалла ўтган йили жиноятчилик ошган ҳудудлар сирасига кирган бўлса, жорий йилда маҳалладаги криминоген вазият ижобий  томонга ўзгарган. Профилактика инспектори ҳамда маҳалла фаолларинингҳамкорлиги эндиликда ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.

Шундан сўнг маҳалла нуронийлари билан кўришдилар, суҳбат чоғида уларнинг ёш авлодни тарбиялашда кўрсатаётган жонбозлиги орқали юртимизнинг ривожланишига қўшган салмоқли ҳиссаси эътироф этилди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда кекса нуронийларимиз маҳалларимиз ободлиги ва фаровон турмушимиз учун шукрона келтиришди.

Кун кеч бўлишига қарамай ишчи гуруҳ вилоятнинг яна бир олис ҳудуди – Томди туманига ташриф буюрди. Қизилқум чўлининг қоқ марказида жойлашган туман аҳолиси бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан четда қолгани йўқ. Меҳмонлар туманнинг 165-сонли “Ақтов” маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур маҳаллада 2020-2021 йилларда бирорта жиноят содир этилмаганлиги эътироф этилди.

Аввал хабар берганимиздек, ишчи гуруҳ аъзолари алоҳида йўналишлар бўйича кичик гуруҳларга бўлиниб, вилоятнинг барча туман-шаҳарлари ҳамда 33 та крименоген вазияти оғир ҳисобланган маҳаллаларда амалга оширилган ишлар аҳволини кўздан кечирди. Ишчи гуруҳнинг Навоий вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

 

 

Text to speech