Навоийда истиқлолнинг 32 йиллик шодиёнаси арафасида бир гуруҳ ходимлар хонадон эгаларига айланди
Мамлакатимиз тинчлиги ва фуқароларимиз осойишталигини сақлашда ички ишлар ходимларининг муносиб ҳиссаси бор,албатта. Улар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш, кўп жиҳатдан қўллаб-қувватлаш иш унумдорлигини оширади, хизматида рағбатланади. Хусусан Навоий вилояти ИИБ ходимларини турар жой билан таъминлаш ҳамда ижтимоий-моддий жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида ҳамкасблари орасида алоҳида намуна кўрсатган 18 нафар ИИБ ва 15 нафар ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш калониялари ходимларига ипотека кредити асосида турар жой сотиб олиши учун 3 млрддан ортиқ дастлабки бадал пуллари тўлаб берилди.
– Камтарона меҳнатларимиз юксак баҳоланиб, барча қулайликларга эга янги хонадон соҳиби эканлигимдан бахтиёрман, – дейди катта сержант Умрзоқ Муҳаммадиев. – Ёш оила бўлганлигимиз боис ижарада яшаш бизга ноқулай вазиятларни юзага келтирарди. 15 йиллик иш фаолиятим давомида турли жойларда ижарада яшадик. Шукурким, бугун барча қийинчиликлар ортда қолиб, файзли хонадон эгасига айландик. Билдирилган ишончни оқлаган ҳолда, Ватаним учун садоқат билан хизмат қилишга ваъда бераман.
Тизимда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимларнинг жасорати, жамоат тартибини сақлаш ва тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширган мардона сайъ-ҳаракати, фуқароларнинг эркинликларини таъминлаш борасидаги хизматларини алоҳида эътироф этиш лозим. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” рамзий шиори остида амалга оширилаётган ишлар ички ишлар соҳасида ҳам муҳим янгиликларга замин бўлди. Бинобарин, соҳа ходимлари айни истиқлол шодиёнаси арафасида хонадон эгаси бўлишдек бахтга етишди. Осойишталик посбонларига билдирилган бу каби ишонч уларни янада масъулиятли, касбига садоқатли бўлишига ундайди. Зеро, соҳа ходимлари учун энг юксак бахт халқ ишончидир.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати