Навоийда Кармана туманида вилоят ИИБ ҳамда туман ҳокимлиги ташаббуси билан меҳр саҳоват тадбири ўтказилди
Меҳр ва саҳоват кўрсатиб яшаш халқимизнинг азалий қадриятларидан биридир. Бугунги кунда ушбу йўналишда вилоятимиз бўйлаб аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ёрдамга муҳтож қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Кармана тумани "Кумушкон" маҳалласида ташкил этилган “Тарғибот карвони” тадбири давомида ижтимоий профилактика йўналишида ходимлар томонидан хонадонма-хонадон юриш жараёнларида аниқланган ижтимоий муаммолар юзасидан кенг кўламли саҳоват тадбири ўтказилди.
Навоий вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари У.Ҳ.Адизов ҳамда Кармана туман ҳокимлиги ташаббуси билан мазкур маҳалладаги 11-мактабда таълим олаётган 31 нафар ўқувчи ёшларга ота-оналари ва таълим муассасаси мутассаддилари иштирокида қишки устки кийим бош ва ўқув қуроллари олиб борилиб, топширилди. Шунингдек, мактаб ҳудудида болалар ўртасида соғлом турмуш тарзини яратиш мақсадида wоркоут майдони ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилди. Шундан сўнг, болалар вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходимлари иштирокида (кузатуви остида) Навоий шаҳридаги марказий истироҳат боғига олиб борилиб, кўнгилочар атрационларда бўлишди. Улар учун ташкил этилган байрамона тушликдан сўнг ўтказилган консерт дастури мурғак дилларда унутилмас таассурот қолдирди. Жажжи болажонларнинг қувончи бутун оламга сиғмайди гўё. Зеро бугунги кунда барчамизни бирдамликка ундаётган бир шароитда бир ёқадан бош чиқариб, бир-биримизни қўллаб-қувватламоғимиз эртамиз ва келажагимизга қўйилган пойдеворнинг мустаҳкам тамал тошидир.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати