Навоийда мутасаддилар шаҳар ҳудудида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишди
Давлат муттасил ривожланар экан, ҳуқуқбузарликларни содир этиш турлари ҳам мураккаблашиб боради. Шу боис, бугун мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқубузарликларни олдини олиш нафақат ички ишлар органларининг, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча ташкилотлар фаолиятининг муҳим йўналишларидан саналади. Хусусан, бугун Навоий вилояти ИИБ бошлиғи, вилоят прокурори, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ҳамда Миллий гвардия Навоий вилояти бўйича бошқармаси бошлиқлари ўзаро ҳамкорликда шаҳар ҳудудида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бундан кўзланган мақсад Навоий шаҳри ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашишдан иборат эди. Хавфсиз тун тадбирларини ташкил этиш жараёни, кўча ва жамоат жойларига бириктирилган ходимларнинг тунги фаолияти, шунингдек, патруль пост, профилактика инспектори ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилган навбатчилик ҳамда тезкор чақирув тугмалари фаолияти Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарларининг диққат марказида бўлди. Ўрганишалар давомида ҳудудлардаги талабалар ётоқхонаси, кафе- барлар, дорихоналар ва савдо дўконлар қоровуллари билан суҳбатлашилди.
Мазкур жараёнда шаҳардаги маҳаллаларда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омиллари, маҳалла бешлиги яъни фуқаролар йиғини раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган фаолияти кўздан кечирилди. Шунингдек, раҳбарлар ҳудуд тинчлиги ва осойишталигига масъул ходимлар фаоилияти билан боғлиқ келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ўз тавсия ва топшириқларини беришди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати