21 Октябр 2021 йил 333

Навоийда ноқонуний ҳаракатларини беркитиш эвазига пора таклиф қилган фуқарога нисбатан қонуний чора кўрилди

Бугун жамиятимизда ҳар бир фуқаро ўз даромадига эга бўлиши учун қулай шароит мавжуд. Кимдир тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланса яна кимдир ишлаб чиқариш корхоналарида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Аммо шундай тоифа инсонлар ҳам борки қонунни бузиш, мўмай даромад илинжида жиноят йўлига ўтиш улар учун арзимган юмуш. Асли Учқудуқлик фуқаро М.Б кўп бора огоҳлантирилишига қарамасдан қонунга зид равишда таркибида тилла заррачалари бўлган тош қумларни қазиш фаолияти билан шуғулланган. Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек, мазкур фуқаронинг ноқонуний қилмиши Зарафшон шаҳар Ички ишлар бўлими Жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида фош этилди. Зарафшон шаҳар йўл патрул хизмати масканида фуқаро М.Б бошқарувидаги “нексия” русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда 12 дона қопга солинган таркибида тилла заррачалари бўлган тошлар тегишли тартибда расмийлашитирилиб олинди. Фуқаро М.Б қилган иши қонунга хилоф ҳаракат эканлигини била туриб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан иккинчи жиноий ҳаракатларини бошлади. Халқимизда букрини гўр тузатар деган гап бекорга айтилмаган. Энди фуқаро М.Б ўз айбини хаспўшлаш ҳамда тошларни қайта қўлга киритиш масқадида Зарафшон шаҳар Ички ишлар бўлими ЖҚБ ходимига 300 Ақш доллари эвазига тўпланган ҳужжатларни йўқ қилиш, судга чиқармаслик ҳамда унга қонуний чора кўрмасликни таклиф қилган. Тезкор ходим томонидан фуқаронинг бу ҳаракати қонунга зид эканлиги бир неча бор айтилишига қарамасдан фуқаро томонидан пора таклиф этилади. Шундан сўнг тезкор ходимнинг аризасига кўра ўтказилган тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан  фуқаро М.Б жиноят қидирув ходимига 300 ақш доллари миқдоридаги пулларни бераётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 211-моддаси тегишли банди билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Қилмиш-қидирмиш деганларидек, коррупцион жиноятга қўл урган фуқаро энди қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Каналга обуна бўлиш:
@Navoi_iib_axborotxizmati

Text to speech