Навоийда профилактика инспекторининг тезкор қарори туфайли оғир жиноятнинг олди олинди
Хатирчи туманида фойдаланишдан тўхтатилган тилла конларини қўлбола усулда қонунга хилоф равишда ўзлаштириб даромад олаётган маҳаллий фуқароларга нисбатан қонуний чора кўрилаётганига қарамай, ҳеч қандай хавфсизлик қоидаларига амал қилмай туриб мазкур ҳатти-ҳаракатни амалга ошираётган шахслар ҳали ҳануз учрамоқда. Олтин васвасаси сабаб ана шундай конларнинг “эгалари” яъни “Олтинсой” ва “Чилош” қишлоғининг икки фуқароси Ибрагимов Шоҳруҳ ва Муродов Мирзоҳидлар кон талашиб муштлашганидан хабар топган профилактика катта инспектори Н.Раҳмонов шу заҳотиёқ воқеа жойига етиб келган. Бу икки фуқарога профилактик тушунтириш ишларини олиб боришига қарамай ҳақоратлаш ва келгусида икки қишлоқ фуқаролари жанжали кутилаётганига ишора қилган. Бу ҳақида профилактика катта инспектори зудлик билан раҳбариятга хабар беради. Шундан сўнг эса, “Олтинсой” қишлоғида яшовчи 33 нафар ва “Чилаш” қишлоғида яшовчи 20 нафарга яқин фуқаролар тахминан 40-50 метр оралиқ масофада бир-бирларини ҳақорат қилиб, жанжал қилиш мақсадида қўлларига тош ва таёқлар олиб тўпланиб турганликларини кўрган ходим жанжални олдини олиш мақсадида қўшимча куч воситалар келгунга қадар фуқароларни тинчлантириш чораларини кўради.
Аммо ушбу фуқаролар безорилик негизида, бир-бирларини уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат тартибини бузиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан жанжалларини давом эттиришади. Оқибатда бир-бирларига ҳамда ходимларнинг автомашиналарига тошлар отиб, профилактика катта инспектори подполковник Н.Рахмоновга тегишли бўлган Матиз русумли автомашинани орқа ойнасини синдиришган.
Фуқаролар бир-бирларига тош ва таёқлар отиб, жанжал қилишни бошлаган вақтда туман ИИБ тергов тезкор гуруҳи ва туман ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари подполковник А.Раджабов бошчилигида 20 нафар ходим воқеа жойига етиб келишди. Шундан сўнг оммавий тус олган катта жанжални тугатишга эришилди.
Мазкур оммавий жанжални содир этган фуқароларни аниқлаш мақсадида вилоят ва туман ИИБ ходимларидан иборат гуруҳлар тузилиб, ҳар бир қишлоқ ва кўчаларда тунги хизмат ҳамда патруллик нарядлари сони оширилди.
Жамиятдаги қонун бузилиш ҳолатларига дуч келганимизда аксарият ҳолларда бир томонлама баҳо берамиз. Ваҳоланки, моҳиятини чуқурроқ англайдиган бўлсак ҳар қандай оғир жиноятни олдини олишнинг ҳеч бўлмаганда битта йўли мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Хатирчи туманидаги ушбу ҳолат яъни бир-бирларига “кичик уруш” эълон қилган бу қишлоқ фуқаролари жанжал оқибатида оғир тан жароҳат олиши ёки кимнингдир ҳаёти жиддий хавф остида қолиши мумкин эди. Профилактика инспектори томонидан тадбир самарали ташкил этилиши ҳамда ўз вақтида тўғри қарор қабул қилинганлиги сабаб йирик жиноятнинг олди олинди. Адоватни адолат енгар деганларидек, содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли ЖИБ Хатирчи туман суди томонидан 28 нафар фуқарога нисбатан сайёр суд йиғилиши ўтказилди. Улардан 26 нафарига - 15 сутка, 2 нафарига эса - 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати