6 Июн 2023 йил 326

Навоийда сергак ИИБ ходимлари туфайли 210 кг яроқсиз гўшт маҳсулоти тўхтатиб қолинди

Халқимизда “Ўзингга раво кўрмаган нарсани ўзгага раво кўрма” деган нақл бор. Аммо, афсуски, орамизда ана шу пурмаъно нақлга амал қилмайдиганлар ҳам учраб туради.

Бухоролик 33  ёшли С.М кобалт русумли машинасига жами 210 кг санитария талабларига жавоб бермайдиган қўй ва мол гўштини юклаб, ярим кечаси Тошкент вилоятига қараб йўлга тушди. Аммо режаси чиппакка чиқди. Осойишталик посбонлари машинани текшириш учун тўхтатганида, ҳайдовчи худди пайтавасига қурт тушган одамдай безовта бўлиб қолди. Чунки мазкур гўшт маҳсулотларининг истеъмол учун яроқлилигини тасдиқлайдиган ҳеч қандай ҳужжати йўқ эди-да.

Ёзнинг жазирамасида бир қатор истеъмол маҳсулотларини совуткичда сақлаш кераклигини яхши биламиз. Айниқса, гўштнинг сифати тез бузилади. С.М шуни била туриб, ўзи олиб кетаётган гўштни истеъмол қиладиганларнинг соғлигига путур етказишини англаган ҳолда содир этган қилмишига нима дейсиз?! Бу ҳам ҳуқуқбузарлик, ҳам ҳеч қандай ахлоқ нормаларига тўғри келмайди-ку! Хуллас,  ИИБ ЖХХ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари  томонидан узлуксиз  олиб борилаётган рейд тадбирларида мана шу каби қонунбузарликларнинг олди олинмоқда.

 

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech