13 Январ 2022 йил 462

Навоийда спиртли ичимлик истеъмоли сабаб хизмат кўрсатолмаган чиптачига чора кўрилди

Янги йил байрами кириб келиши арафасида осойишталик посбонларимиз қаторида баъзи бир корхоналар зарурат юзасидан хизмат жойида бўлишди. Шундай вақтда юклатилган вазифага совуққонлик билан қараган ишчи ходимлар ҳам учраб турибди. Масалан, Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Х.М янги йилнинг биринчи кунида қариндошларини байрам билан табриклаш учун Тошкент шаҳрига кетишни мақсад қилди. Эрта тонгда темир йўл вокзалига чипта олиш учун келган фуқаронинг алами-олти, ситами-саккиз бўлди. Ўзини А.Т деб таништирган чиптачи ширакайф. Фуқарога чипта расмийлаштирай деса қўли ишга бормади, шунинг учун  интернет тармоғи ишламаётганини баҳона қила қолди.  Аммо фуқаро Х.М анча кутди. Бу орада Афросиёб тезюрар поезди станцияга келди, кетди ҳам. Хуноб бўлган фуқаро кейинги рейсга улгурай деб яна чиптачига мурожаат қилди ва баланд овозда хуноб бўлаётганини кўрган ИИБ ТХТБ ходимлари воқеа жойига келишди. Осойишталик посбонларининг аниқлашича вокзал чиптачиси  А.Т ҳақиқатдан ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилган ва вазифасини бажара олмаётган эди. Хизмат вақтида спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги учун А.Тга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддаси 1-қисмида кўрсатилган хуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва баённома расмийлаштирилди. Ҳолат ўрганилиб базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси қўлланилди. Бундан ташқари вокзал ходимига нисбатан хизмат текшируви ҳамда раҳбариятга тақдимнома киритилди.

 

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

Text to speech