16 Март 2021 йил 337

Навоийда спиртли ичимлик сабабли содир бўлган келишмовчилик мудхиш жиноят билан якун топди. Ҳолат бўйича жиноят муҳокамаси ташкил этилди

    Халқимизда "Саёқ юрган - таёқ ейди" деган нақл бежизга айтилмаган. Бемақсад кўчада юриб, текканга тегиб, тегмаганга тош отиб юрган, ичкиликка ружу қўйиб ҳаёти издан чиққан кимсалар иштирокида кўплаб кўнгилсиз воқеа ҳодисалар рўй бераётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу сафарги жиноятга ҳам спиртли ичимлик сабаб бўлди. Навбаҳор тумани “Қалқон ота “ МФЙда яшовчи 1981 йилда туғилган фуқаро М.A 2021 йилнинг 16 март куни таниши Навбаҳор тумани “Тошрабод” маҳалласи Довут-ота кўчасида яшовчи 1969 йилда туғилган фуқаро Ш.Ғнинг яшаш хонадонига бориб, хонадон эгаси билан биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилишади. Келиб чиққан жанжал натижасида фуқаро A.М Ш.Ғнинг юз қисмига қўли билан бир маротаба урган вақтда ҳушида бўлмаган Ш.Ғ шу ерда бўлган ошхона пичоғи билан унинг чап кўкрак қисмига бир маротаба уриб жароҳат етказади. Натижада фуқаро A.М олган тан жароҳати натижасида воқеа жойида вафот этади.

   Мазкур ҳолат юзасидан Навбаҳор туман прокурори томонидан фуқаро Ш.Ғга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

   Ушбу ҳолат Навбаҳор тумани “Тошрабод” маҳалласида кенг жамоатчилик, вилоят ва туман сектор раҳбарлари иштирокида муҳокама этилиб, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди.

  "Қўшнинг тинч, сен тинч" - дейди, доно халқимиз. Сўнгги пайтларда содир этилган жиноятларни таҳлил қилганимизда кўпчилик жиноятлар арзимаган келишмовчилик ёки, спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида рўй бераётганига гувоҳ бўляпмиз. Минг афсуски, қўни-қўшнилар орасидаги келишмовчиликларга маҳалла кўй ўз вақтида эътибор қаратмаяпти. Бу борада профилактик тадбирларни жонлантириш ва келгусида шу каби жиноятларни қайта содир бўлмаслигини таъминлаш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг балки, ҳар бир фуқаронинг бурчидир." - дейди, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник А. Тасбаев.

       Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech