16 Декабр 2021 йил 373

Навоийда тиббиёт бўлими ходимлари ўртасида "Китобхонлик" танлови ўтказилди

Бугунги кунда китоб ўқиш ҳар бир соҳада асосий вазифалар қаторидан ўрин олди десак, муболаға бўлмайди. Биргина китоб ўқиш–инсонни сўз бойлигини ошириб, диққати ва дунёқарашини юқори даражада шаклланишида ўз ҳиссасини қўшибгина қолмай, мафкуравий ва психологик  иммунитетини мустаҳкамлашдаги асосий қуролдир. Ходимларни ҳар томонлама тайёргарлигини ошириш ва уларни ташаббускорлик ва ташкилотчиликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Навоий вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими ходималари ўртасида “Китобхонлик” танлови ўтказилди.

Мазкур танлов  Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 09 ноябрь кунидаги “Ички ишлар органлари тизимида касбий тайёргарлик  ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги 238-сонли фармойиши ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А.Д.Тасбаевнинг 2021 йил 16 ноябрь кунидаги “Вилоят ички ишлар органлари тизимида касбий тайёргарлик ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги 81-сонли фармойиши,  Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил  10 июндаги “Ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар билан якка тартибдаги тарбиявий ишларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 122-сонли фармойиши, бошқарма бошлиғининг 2021 йил  23 июль кунидаги “Навоий вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар билан якка тартибдаги тарбиявий ишларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 53-сонли фармойишида белгиланган талабларини ижросини таъминлаш мақсадида  ташкил  этилди.

Навоий вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими ходималари ўртасида ўтказилган “Китобхонлик” танловида мазкур муассасада хизмат қилаётган 9 нафар саломатлик посбонлари иштирок этишди.Танлов 2 босқичда ўтказилди.

1-босқич “Мен севгар асар” деб номланиб, унда ҳар бир иштирокчи билет тортиш орқали танланган бадиий асари тўғрисида маълумот бериб ўтди.  

2-босқич “Атоқли адиб” деб номланиб, бу шартда эса иштирокчилар буюк адиблар, ижодкорлар тўғрисида ўз фикрларини баён этдилар.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан қўшимча саволлар берилиб, иштирокчиларининг билимлари синовдан ўтказилди.

Қизғин баҳс ва мунозараларга тўла бўлган мазкур танловда шахобча шифокор педиатри Нилуфар Нуралиева фахрли 3-ўринни, поликлиника шифокор-психиатри Дилфуза  Азимова фахрли 2-ўринни, лаборант Азиза Хайитова фахрли 1-ўринни эгаллади.

Кўрик-танлов ўтказилиши билан бир қаторда ходималарда китобга бўлган қизиқиш ва муҳаббат янада ортди. Китобхонликка бағишланган  кўрик-танловларни кўпроқ ўтказиш юзасидан таклифлар берилди ва келгусида бу каби маънавий-маърифий тадбирларни кенгроқ ва кўпроқ ўтказиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмат

 

 

 

Text to speech