20 Декабр 2021 йил 667

Навоийда ўрганишлар якунига бағишланган йиғилиш танқидий ва таҳлилий руҳда ўтди

 

 Ташрифнинг сўнги кунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида вилоят ички ишлар бошқармасида ўрганишлар якунига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда жорий йил давомида барча йўналишларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, тегишли мутасаддиларга манзилли топшириқлар берилди. Ўтган вақт мобайнида вилоятнинг Хатирчи, Конимех, Навбаҳор, Кармана туманлари ҳамда Навоий шаҳрида жиноятчилик кўрсаткичларининг ошганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Шунингдек, жиноятларнинг айрим турлари: фирибгарлик, ўғрилик ҳамда тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳолатлар ошган ҳудудларда аниқ мақсадларни ўз ичига олган йўл харитаси ва дастурлар ишлаб чиқиш бўйича топшриқлар берилди.  Ўрганишлар жараёнида ҳамда олиб борилган кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлар давомида  301 нафар вояга етмаган ёшлар таълимга қайтарилди, 331 нафар аёлларга ҳимоя ордерлари расмийлаштирилиб, 338 та оила яраштирилди, шунингдек, 142 нафар ишсизлар бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, тадбирлар давомида жами 35 та жиноий ва 299 та маъмурий ҳолатлар аниқланди. 18 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, 3 та жиноят фош этилишига эришилди. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналиши бўйича 2009 та қоидабузарликлар аниқланиб, 844 та автомобил жарима майдончасига жойлаштирилди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда Навоий шаҳри ҳудудидаги саноат корхоналари ҳамда бозорларда профилактика инспекторлари фаолиятини янада яхшилаш ва уларга амалий кўмак бериш, қўшимча ходим бириктириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилиш давомида ўз хизмат фаолиятида қўпол камчиликларга йўл қўйган 3 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан бўшатилди, 4 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ҳамда 7 нафар ходимга нисбатан интизомий чоралар кўрилди. Шахсий таркиб орасида алоҳида намуна кўрсатган, фаолиятига масъулият билан ёндашган 29 нафар ходимлар Ички ишлар вазири томонидан муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, 2 нафар ходим “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан, 2 нафар ходим муддатдан олдин,рағбатлантириш тариқасида маҳсус унвонлар билан ҳамда 25 нафар ходимлар эса бошқа мукофотлар билан тақдирланди. Бунданташқари 7 та бўш турган лавозимлар малакали ходимлар билан тўлдирилди.

Муҳтасар қилиб айтганда, вазирлик ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар Навоий вилоятининг криминоген вазиятини ижобий томонга ўзгаришига ҳамда жиноятчиликни “маҳаллабай” усулда жиловлаш аҳолининг ижтимоий қатламлари билан манзилли ишлаш ва турмуш шароитини яхшилаш борасида янгича усул ва методларни ҳаётга жорий этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech