Навоийда вилоят ИИБ бошлиғи фуқаролар мурожаатларини ўрганмоқда
Халқ дарди билан яшаш, уларни қийнаб келаётган мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири. Ҳар бир раҳбар фаолияти давомида ушбу мезонларга таянган ҳолда иш олиб бориши унинг миллат тақдирига бефарқ эмаслигидан далолатдир.
Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳам ҳафтанинг ҳар пайшанба кунини фуқароларнинг мурожаатларини якка тартибда ўрганиб, уларнинг ечимталаб муаммоларини ўз вақтида ҳал этишга бағишламоқда. Таъкидлаш ўринлики аҳоли томонидан билдирилаётган мурожаатларнинг аксарятини тергов фаолияти ва кадрлар бошқармасига оид мурожаатлар ишсизлик, имтиёзли кредитлар олиш ҳамда ижтимоий муаммолар ташкил қилмоқда. Шерзодбек Комилов ўзининг тергов билан боғлиқ муаммосини билдиргач, мазкур муаммо Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан шу куннинг ўзидаёқ алоҳида назоратга олиниб, ижобий ҳал қилинадиган бўлди.
“Ечими кутилаётган масалаларни кўриб чиқиш давомида ҳар бир фуқаронинг муаммосини тўлиқ ўрганишга ҳаракат қиляпмиз, чунки буларнинг ортида инсон тақдири ётибди" - дейди, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник A.Тасбаев. Aҳоли билан суҳбатлар давомида ички ишлар ходимлари томонидан йўл қўйилган камчиликларни ўз жойида бартараф этишга эътибор қаратяпмиз. Пировард мақсад эса, халқчил механизм асосида фуқароларнинг хавфсизлиги ҳамда фаровон турмушини таъминлашдан иборатдир.”
Шу куни ўнлаб фуқароларнинг мурожаат ва муаммолари тингланди. Ўрганишлар давом этади.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати