Навоийда вилоят ИИБ ТХТБ ходимлари иштирокида Конимех тумани ҳудуди бўйлаб махсус профилактик тадбирлар ўтказилди
Навоий вилояти ҳудуди бўйлаб вилоят ИИБ ТХТБ ходимлари иштирокида “Темир йўлларда хавфсиз кун” ҳамда “Тозалаш-антитеррор” махсус профилактик тадбирлари ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирларнинг галдагиси жорий йилнинг 4-март куни Конимех туманида жойлашган темир йўл бекатида ўтказилди. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ўтказилиши анъанага айланган амалиёт Конимех тумани олис ҳудудида жойлашган "Юксалиш" МФЙ ҳамда 12-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилди. Ўқувчи-ёшлар ҳамда ўқитувчилар иштирок этган тадбирда темир йўл ҳудудида чорва молларини боқмаслик, йўловчи ташувчи поезд вагонларига тош отмаслик, белгиланмаган жойларда ҳаракатланмаслик, темир йўл изларига бегона жисмларни қўймаслик, ҳаётга хавф туғдирувчи видео ва фото тасвирга олиш каби ҳолатларни содир этмаслик бўйича тушунчалар берилди. Шундан сўнг, йиғилганлар эътиборига темир йўл хавфсизлиги акс этган видео ролик намойиш этилиб, тарғибот варақалари тарқатилди. Шу билан биргаликда профилактика инспекторининг хизмат хонаси ва иш фаолияти ўрганилди.
Шу куни профилактик тадбирлар "Қуйимозор" ҳамда "Қизилтепа" темир йўл бекати ҳудудида ҳам ўтказилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати