Навоийда вилоят ИИБ ҳовлисида байрам тадбири ташкил этилди
Халқимиз Наврўзни ўзгача тайёргарлик ва хурсандчилик билан кутиб олади. Наврўз байрами сайлларга айланиб барчанинг кўнглига илиқлик, кайфиятига кўтаринкилик бахш этади. Шу сабабдан, барчамиз ушбу айёмни интиқиб кутамиз. Вилоятимизда бўлгани каби ИИБда ҳам янгиланиш байрами, ўзбекона янги йил ҳар йили ўзгача шукуҳ билан нишонланади. Бошқарма ҳовлисида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил этилган бу йилги тадбир ҳам таассуротларга бой ўтди.
Дастлаб, Қуръон тиловат қилинди. Дуога қўл очганлар юртимизга тинчлик, тотувлик, халқимизга омонлик ҳамда ризқ-рўзимизга барака тилашди. Дастурхон ёзилиб, миллий таомлар тортилди. Шундан сўнг, таклиф этилган фолклор жамоалари ижросида қўшиқлар куйланиб, миллий урф-одатлар тараннум этилди. Байрам таоми - сумалак тайёрланиб, дошқозон атрофида лапарлар айтилди.
Шу куни янграган куй-қўшиқлар барчани хушнуд этди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати