12 Апрел 2021 йил 594

Навоийда вилоят прокуратураси ҳамда Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида меҳнат хавфсизлиги бўйича корхона ташкилот раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Муҳтарам юртбошимиз томонларидан жорий йилнинг 7-январ куни қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида, қурилиш соҳасидаги муаммо ва камчиликлар кескин танқид қилинган эди. Ушбу соҳада давлат назоратини бутунлай янгича ташкил этиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилган эди. Ташкил этилган йиғилишда қурилиш корхона раҳбарлари, меҳнат муҳофазаси билан шуғулланувчи мутассадилар мазкур йўналишдаги топшириқлар ижроси ҳамда Навоий вилоятида амалга оширилиши лозим ишлар таҳлил этилди. Тадбир давомида вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари сўзга чиқиб, тизимда мавжуд камчиликлар, корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазасига қаратилган эътибор бу борада юзага келаётган муаммолар шунингдек, эътиборсизлик натижасида саноат ишлаб чиқариш ҳамда хусусий секторларда хизмат вақтида рўй бераётган баҳтсиз ҳодисалар ва унда жабрланганлар ҳақида танқидий фикрларини билдириб ўтди.
Хусусан 2020-йилда вилоят бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ 92 та ҳолатда 94 нафар ишчи ходимлар жабрланиб, 11 нафари вафот этган, 82 таси ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати олган ва 1 нафари енгил жароҳатланган. Жорий йилнинг 3 ойида эса 30 та ҳолатда 32 нафар шахсларнинг 5 нафари вафот этган ва 27 нафари оғир тан жароҳати олишган.

 

Ушбу даврда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, 6 та ҳолатда шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланмаганлиги, 10 та ҳолатда ходимларнинг шахсий ҳимоя воситасидан фойдаланиши устидан назорат қилинмаганлиги, 8 та ҳолатда тиббий кўрикдан ўтказилмасдан меҳнатга жалб қилинганлиги, 46 та ҳолатда ходимлар меҳнат муҳофазаси бўйича ўқитилмаганлиги, 67 та ҳолатда хавфсизлик техникаси бўйича йўриқномадан ўз вақтида ўтказилмаганлиги ва ёки лавозим йўриқномаси талаблари бажарилмаганлиги, 14 таҳолатда қурилиш меъёри қоидаларига риоя этилмаганлиги, 7 та ҳолатда саноат хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги ва 50 та бошқа сабаблар, жами 208 та ҳолатларда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари қўпол равишда бузилган. Тадбир давомида корхона раҳбарларига огоҳлантиришлар берилиб, қилиниши лозим ишлар белгилаб олинди. Бир сўз билан айтганда мазкур йиғилиш соҳада мавжуд камчиликларни баратарф этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилди.

             Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

 

Text to speech