26 Феврал 2021 йил 547

Навоийда вилоят прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари ҳудудларда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари фаолиятини ўрганишмоқда

Муҳтарам юртбошимизнинг жорий йилнинг 12- февраль куни Ички ишлар вазирлигида ўтказган йиғилишларида берилган топшириқлар ижроси, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган чора тадбирлар ва мазкур жараёнда маҳаллаларда бевосита фаолият юритувчи ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш уларга услубий ҳамда амалий кўмак бериш мақсадида вилоят прокурори ва ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари ҳамкорлигида вилоятнинг Навоий шаҳри, Кармана, Навбаҳор ва Конимех туманларида ўрганишлар олиб борилди. Учрашувлар давомида дастлаб профилактика инспекторларига яратилган шароитлар таҳлил қилиниб уларнинг муаммолари тингланди. 

Суҳбатлар жараёнида ҳар бир ҳудуд профилактика инспектори олдида турган муҳим вазифалар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни чуқур ўрганиш ҳамда келгусида уларни олдини олиш учун аниқ йўл хариталари ташкил қилиш, ортиқча қоғозбозлик ҳамда бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, маълумотларни судларга юборишда электрон масофавий тизимни ташкил этиш каби бир қатор муҳим йўналишлар бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

“Муҳтарам Президентимиз яқиндагина ўтказган йиғилишларида жуда муҳим ва долзарб масалаларга эътибор қаратдилар. Жумладан, ҳудудларда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторларига ҳар томонлама кўмак бериш уларнинг муаммоларини ўрганиб ўз жойида бартараф этиш зарурлиги борасидаги фикрлари ҳар бир раҳбарни ўз ишига танқидий ёндашувини талаб этади. Оддийгина туманларда бўлиб уларнинг ишини ўрганиш мобайнида шу нарсага амин бўляпмизки, профилактика инспекторларининг иш юкламалари ҳамда муаммолари талайгина, бу эса бевосита иш сифатига ҳам ўзининг таъсирини ўтказади. Биз мазкур жараёнларни вилоят прокурори билан чуқур таҳлил қилган ҳолда уларнинг иш самарадорлигини ошириш ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида маҳаллаларда тезкор ходимлар кучидан ҳам кенг фойдаланишни, ишни маҳаллабай ташкил қилиш ҳар бир ҳудуднинг криминоген вазияти бўйича махсус хариталарини ташкил қилиб, жиноятларни олдинги йиллар билан бевосита таққослаб боришни ва бу орқали ҳудудларни доимий назоратда ушлаб туришни мақсад қилдик.”, - дейди, вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник И.Тиллаев.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, иш сифатини ошириш ва тизимдаги муаммоларни ҳудудлар кесимида маҳаллабай бартараф этиш масаласи бугун долзарб аҳамият касб этмоқда. Навоий вилоятида бу борадаги амалий ишларга киришилиб топшириқлар ижроси таъминланмоқда.

Эслатиб ўтамиз ўрганишлар туманлар кесимида давом этмоқда.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

 

Text to speech