Навоийда “Зарбдор ойлиги” доирасида ижара уйини қиморхонага айлантирган ижарачи қўлга олинди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Зарбдор ойлиги” доирасида профилактик ишларнинг кенг кўламда ташкил этилишидан мақсад, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда маданиятини оширишга қаратилган. Бинобарин, Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан мазкур ойлик доирасида назорат тадбирлари кучайтирилиб, бир қанча ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда. Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари давомида 1991 йил Навоий шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали – 2 нафар фарзанди бор, якка тартибда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро И.Ф. Кармана туманидаги қариндошига тегишли бўлган хонадонларнинг бирини ижарага олиб, у ерда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил қилиб келганлиги аниқланди. Хусусан, танишлари – 1995 йил Навбаҳор туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, оилали – 1 нафар фарзанди бор, фуқаро Л.Р., 1992 йил Хатирчи туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, оилали – 1 нафар фарзанди бор, фуқаро А.Р. ҳамда 1998 йил Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус бўлган фуқаро Ш.Р.лар иштирокида ўзаро тил бириктириб, навбатдаги қимор ўйинини ўтказаётган вақтда қўлга олинди. Ўйин даврасига тикилган умумий қиймати 3 миллион 698 минг сўм пуллар ҳамда 2 дона ўйин карталари далилий ашё сифатида холислар иштирокида ҳужжатлаштирилди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилиб, қиморхона ташкил қилганлиги учун фуқаро И.Ф.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси билан, қимор ўйини иштирокчиларига эса Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 191-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича тўпланган ҳужжатлар Кармана тумани ИИБ ТБга юборилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати