19 Феврал 2021 йил 681

Нурота туманида вилоят ИИБ раҳбарлари иштирокида жиноят муҳокамаси ташкил этилди

      Бугун ҳудудларда криминоген вазиятни назорат қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ҳар бир мутассади олдидаги долзарб вазифадир. Минг афсуски содир этилаётган жиноятларни таҳлил қилганимизда фуқаролар ўртасидаги оддий тортишув ёки ичкиликбозлик ва яна ер-жой, мулк талашиш каби арзимаган сабабларни кўрамиз.

    Нурота туманида жорий йилнинг 14 февраль куни содир этилган жиноятда ҳам асосий восита спиртли ичимлик сабаб бўлган. Туманнинг “Янгитурмуш” МФЙ Жилонтамғали қишлоғида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро Т.П яшаш уйи олдида маст ҳолда қўшниси 1997 йилда туғилган фуқаро Қ.Г билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик сабабли жанжаллашиб қолиб, уни ҳақорат қилиб, камситиши натижасида фуқаро Т.П уни бош қисмига тош билан қасддан уриб, унга соғлиги учун хавфли бўлган тан жароҳатини етказган. Мазкур ҳолат туман ИИБ томонидан ўрганилиб фуқаро Т.Пга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ташкил этилган жиноят муҳокамасида вилоят ИИБ раҳбарияти, туман ИИБ бошлиғи, имомхатиб ва бошқа мутассади ташкилот вакиллари иштирок этишди. Муҳокама давомида ушбу жиноятни содир этилишига фуқароларимизни тунги вақтларда мақсадсиз юрганлиги, маҳалла ва профилактика инспекторларини аҳоли билан жиноятни олдини олиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлиги, низоли ҳолатларда ҳудудий профилактика инспекторига ёки маҳалла раисига мурожаат қилиш тушунтирилмаганлиги бу борадаги сусткашлик мана шу каби жиноятларга сабаб бўлаётганлиги айтиб ўтилди. 

      Шундан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Ш.Ибрагимов сўзга чиқиб: “Биз кўпинча жиноятларни муҳокама қилганимизда ўша маҳалладаги ижтимоий вазиятга баҳо бермаймиз. Аммо унутмаслик лозимки ҳар қандай ҳуқуқбузарликни келиб чиқишига асос бўладиган ҳолатлар мавжуд оддийгина спиртли ичимлик сотиш тақиқланган савдо дўкони маҳалладаги инсонларга бу маҳсулотни сотишда давом этса, ёки кўз олдимизда арзимаган сабабни рўкач қилиб икки қўшни тортишса ўзимизни четга олиб девор устидан томоша қиламиз. Натижада эса арзимаган келишмовчилик мана шундай баъзида бунданда мудҳиш жиноятларни келтириб чиқараётгани бугун ҳақиқат.”, - деб, ўз фикрларни билдириб фуқароларни ҳушёрликка атрофда содир бўлаётган воқеа ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундади.

    Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

 

Text to speech