Нурота туманидаги сайёр қабул – халқнинг муаммолари ечимига қаратилди
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш бугунги куннинг долзарб мавзуларидан биридир. Бу борада раҳбарларнинг олиб бораётган саъй-ҳаракатларнинг эътиборга молик томони жойларда сайёр қабулларнинг ташкил этилишидир. Хусусан Нурато туманида ИИБ 3–сектор раҳбари ҳамда туман аҳолиси иштирокида ўтказилган учрашув ҳам, ҳудудда истиқомат қилаётган халқнинг муаммоларини эшитиш ва қонуний имкониятлардан келиб чиққан ҳолда амалий ёрдам беришга қаратилган эзгу ҳаракатлардандан бири бўлди. Авваллари фуқаролар раҳбарларга муаммолари билан мурожаат қилиш учун қабул кунларини кутган бўлсалар, ҳозирда жойларга ташриф буюриб, уларнинг ўзлари бевосита халқ билан юзма-юз кўришиб муаммоларини ҳал этаётганлиги мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳар қандай муносабатлардан устун туришининг яна бир исботидир. Ўзининг тадбиркор бўлиш таклифини билдирган Шахзод Муродов ҳам сайёр қабулда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун 30 млн. кредит шартномасини қўлга киритган ёш тадбиркордир. Ҳарбий хизматни ўтаб келиб 2 йил мобайнида ишсиз бўлган ва ҳуқуқни мухофаза қилиш органига ишга киришда амалий ёрдам сўраган Расул Олимовга ҳам ҳарбий имтиҳондан ўтишига йўналиш берилиб, кадрлар бошқармаси томонидан алоҳида назоратга олинди. Бахтсиз ҳодиса туфайли яшаш жойи яроқсиз аҳволга келган, моддий ёрдамга мухтож, боқувчисини йўқотган оилаларга ёрдам бериш чора тадбирлари ишлаб чиқилди. Учрашувда ўзининг шу каби муаммолари билан қатнашган барча фуқаролар мурожаатлари бирма бир тингланди ва муносабат билдирилди. Таҳлилларга кўра қабул давомида тадбиркор бўлиш ниятини билдирган 4 нафар фуқарога кредит олишда, 22 нафар аёл ҳамда 27 нафар ёшларни иш билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилди.
Муҳтасар қилиб айтганда, жойлардаги бу каби сайёр қабулларнинг ўтказилиши халқимизнинг ечимталаб муаммоларини ҳал этиши билан бирга ИИБ ва халқ ўртасидаги муносабатлар изчиллигини таъминлайди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати