Осойишталик посбонлари – замонамиз қаҳрамонлари
Қадди пурвиқор тоғлар каби тик, ғурури осмон қадар кенг, меҳри қуёш тафтиданда қайноқ она Ватанни асраб-авайлаш улкан саодат, эл-юрт тинчлигини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш эса масъулиятли вазифадир. Ўз хизмат бурчини ҳаётининг мазмуни деб билган Ички ишлар органлари ходимлари борки, уларнинг садоқати туфайли ўтаётган ҳар кунимиз завқ-шавққа тўла, отаётган ҳар бир тонгимиз шукроналикка бой. Юртимизда 25 октябрь – “Ички ишлар органлари ходимлари куни” сифатида кенг нишонланиши эса соҳа фидойиларига кўрсатилган юксак эҳтиромнинг намунасидир.
Қутлуғ айём шодиёнаси Навоий вилоятида ҳам шукуҳли ва тантанали ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан тайёрланган байрам дастурига биноан, ички ишлар бошқармасида намунали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилди. Дастлаб, тадбирни вилоят ҳокими Қобул Турсунов очиб бериб, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олишда самарали меҳнат олиб бораётган, бутун дунёда глобал муаммога айланган пандемия шароитида ҳам ўз жасорат билан халққа ғамхўрлик кўрсатган, бир сўз билан айтганда, бугуннинг замонамиз қаҳрамонлари дея эътироф этишга муносиб бўлган осойишталик посбонларини вилоят аҳолиси номидан самимий муборакбод этди.
Шунингдек, тадбир давомида сенатор, Ўзбекистон қаҳрамони Қувондиқ Санақулов сўз олиб, байрам қатнашчиларини қутлади. Ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечиб, миллат тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган, халқ дардини ўз ташвишларидан устун билиб, фуқароларимиз хизматига бел боғлаган соҳа ходимларига ўз ташаккурини изҳор этди.
Тадбир якунида хизмат бурчига сидқидилдан ёндашган, эпидемиологик вазиятда ҳам машаққатли ва залворли касб юкини зиммасига олиб, садоқатини намоён этган 50 нафар ходимлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати